Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳалла ёшлари ўртасида “Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси кубоги” учун гандбол мусобақасининг республика финал босқичи ўйинларига старт берилди.

17-30 ёшли маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган гандбол мусобақасининг республика финал босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ғолибликни қўлга киритган маҳалла жамоалари иштирок этади.

Иштирокчи жамоалар Андижонда тантанали равишда кутиб олинди. Мусобақа очилишидан аввал улар Андижон шаҳрининг Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида мусобақа очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов, вилоят маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси ўринбосари Муҳаммаджон Нишанов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб бераётганлигини таъкидлаб, иштирокчи жамоаларга омад тилади.

Мусобақа ўйинларини Қорақалпоғистон Республикасининг Сариолтин овули ҳамда Тошкент шаҳрининг Дилбулоқ маҳалласи жамоалари бошлаб берди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” гандбол мусобақаси республика финал босқичи ўйинлари 6 ноябрь куни якунланади.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари