Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Абу-Даби Маданият ва туризм департаменти ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Бу маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашувда икки давлатнинг бой тарихий мероси ҳамда ҳамкорликдаги ишларнинг истиқболлари муҳокама қилинди. Меморандум Ўзбекистон ва Абу-Даби музейларида ҳамкорликдаги кўргазмаларни ўтказиш, маданий мерос соҳасида тадқиқотлар олиб бориш, маданий меросни сақлаш ва музей иши бўйича тажриба алмашиш каби кўплаб йўналишларни ўз ичига олган.
Шунингдек, ҳужжатда таълим лойиҳалари ва маданий объектларни тиклаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. Меморандум имзоланганидан сўнг ушбу йўналишлар бўйича ишларни мувофиқлаштириш учун масъуллар тайинланди ҳамда ҳамкорликдаги аниқ ишларни белгилаб олиш учун келгусида онлайн-мулоқот олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.
Мазкур келишув Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги маданий алмашинув ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги уфқларни очади.
Азиза Алимова тайёрлади,
ЎзА