Пекиндаги кутубхонанинг дунёда қиёсдоши бўлмаса керак. Уни китоб, китобхонга атаб қурилган қаср дейиш мумкин. Ғоят муҳташам, аммо фақат ўзигагина хос меъморий ечимда бунёд этилган кутубхона яна неча ўн йиллар турсада замонавийлик касб этаверади.
Икки минг ўриндиғи бўлган қасрда ҳамма нарса, барча қулайлик бор. Ўқувчилар ўриндиғи улкан бинонинг ичида тўртта тепаликка устма-уст қаторлаштириб жойлаштирилган. Ҳар бир жойда стол чироғи, компьютер монитори, телефон, бошқа жиҳозларни қувватлантириш ускуналари бор. Ҳар бир қаторларга ўтаверишда ён деворга монитор қўйилган бўлиб, китобхон истаган китоби кутубхонанинг қаерида турганини дарҳол кўрсатади. Расталар, қатламларда китоблар мавзу ва муаллиф номига қараб тахланган. Тепаликлар ва қаторлар орасидан мовий ойналардан тўсиб йўлак қилинган. Ундан юрсангиз ўтирган китобхон эътиборига тушмайсиз. Ҳар қадамда юмшоқ мебеллар қўйилган дам олиш бўлинмалари яратилган. Бу ерда кўздаги чарчоқни қолдирувчи дизайн ишланган.
Тепаликларнинг бир ёнида туну-кун, яъни 24 соат очиқ бўлган каттагина бўлинма ташкил этилган. Бу ердаги овқатланиш шаҳобчалари ҳам 24 соат очиқ. Дарвоқе, ўқувчилар учун қаҳва тайёрлаб ичиладиган ўнлаб жиҳозлар қўйилган. Кутубхона томи томчи шаклида ёпилган бўлиб, вақти-вақти билан очилиб туради.
Пекин халқ кутубхонасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу ерда сунъий интеллект бўлиб, унга исталган саволингизни бериш мумкин. У эса ҳозиржавоб. Дарҳол сиз сўраган керакли маълумот, ахборот ва далил-у рақамларни айтади. Унинг “мия”сига жамики маълумотлар жойланган. Камина ҳам у билан мулоқотда бўлдим ва саволимга энг тўғри жавоб қайтарди.
Хўш, шундай кутубхонани китоб ва китобхон учун қурилган қаср деб тўғри айтибдиларми?
Муҳаммаджон Обидов
Пекин, Хитой