Самарқандда Ўзбекистон – Қозоғистон тўртинчи ҳудудлараро форуми ўтказилди.
Форум ишида икки давлат ҳукумати аъзолари, ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамда Қозоғистон Республикаси Бош вазири О.Бектенов давлатларимиз раҳбарларининг самимий муносабатлари ва оқилона ташқи сиёсатлари туфайли кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб, барча соҳаларда ижобий ўсиш кузатилаётганини қайд этди.
Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро савдо айланмаси деярли 2,5 баробар ўсиб, ўтган йили 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Бугунги кунда мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида 1100 га яқин, Қозоғистонда эса Ўзбекистон капитали иштирокида 3600 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Мавжуд захиралардан самарали фойдаланган ҳолда яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил август ойида Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 7 миллиард долларлик шартнома ва битимлар имзолангани мамнуният билан қайд этилиб, бу ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда ҳукуматлар ва минтақалар раҳбарлари ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришда ҳудудлараро алоқалар ҳақиқий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилаётганини эътироф этди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Манғистау вилояти билан, Тошкент вилояти Туркистон вилояти билан, Навоий вилояти Қизилўрда вилояти билан тўғридан-тўғри ва яқин алоқалар ўрнатган.
Чегарадош бўлмаган ҳудудлар ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаб, савдо-сотиқ ва саноат кооперация алоқаларини изчил ривожлантириб келмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри тадбиркорлари Чимкент шаҳрида маиший техника ва инфузион препаратлар ишлаб чиқаришни бошлади. Самарқанддаги “Azia Metall” компанияси эса Тараз шаҳрида пўлат маҳсулотини ишлаб чиқариш заводини қурмоқда. Остонадаги “BI Group” холдинг компанияси Тошкент шаҳрида йирик қурилиш лойиҳаларини амалга ошираётган бўлса, “PTC Holding” компанияси Тошкент вилоятида йирик логистика марказини барпо этмоқда.
Ҳукумат раҳбарлари икки мамлакат минтақалари ва тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга қулай шароит яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Давлатларимиз ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар ҳам йилдан-йилга кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Бу борада доимий равишда Ўзбекистон ва Қозоғистонда маданият кунлари, кино, театр, илмий ва ижодий жамоалар, зиёлилар форумлари, ўқув кўргазмалари, музей экспонатлари экспозициялари ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Остона шаҳрида Ўзбекистон кино ва санъати кунлари ўтказилди. Хива шаҳрида бўлиб ўтган “Лазги” иккинчи халқаро рақс фестивалида Қозоғистоннинг “Казына” рақс ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди. Остона шаҳрида бўлиб ўтган бешинчи “Жаҳон кўчманчилар ўйинлари”да Ўзбекистон жамоаси муваффақиятли қатнашиб, тўртинчи ўринни эгаллади.
Томонлар туризм соҳаси давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири эканлигини қайд этиб, сайёҳлик хизматларини кўрсатиш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Бош вазирлар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг барча вилоятлари ҳамда шаҳарлари ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади.
Форумда ҳудудлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан муҳим таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Бир қатор вазирликлар ва минтақалар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Ҳудудлараро форум доирасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев бошчилигида минтақалар раҳбарлари ва 200 дан ортиқ тадбиркорлар, йирик компаниялар вакиллари иштирокида Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари учрашуви ўтказилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги шериклик алоқаларини минтақалараро даражада ҳам ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Бунда қишлоқ хўжалиги ва агросаноат тармоғи, тўқимачилик маҳсулотлари ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, тажриба ва технологиялар алмашинуви истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган. Сирдарё вилоятида ўзаро ҳамкорликда “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро маркази фаолияти йўлга қўйилаётгани тадбиркорларга бу борада катта имкониятлар очиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тўртинчи форум олдидан ўзбек ва қозоқ тадбиркорларининг икки мамлакат ҳамкор ҳудудларида бўлиб, ўзаро тажриба алмашгани натижалари юқори баҳоланди.
Учрашувда икки давлат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тайёр маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга юзасидан музокаралар олиб борилди ва 30 дан ортиқ шартнома имзоланди. Бундан ташқари, икки давлат тадбиркорлари ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришди.
– Корхонамиз томонидан қозоғистонлик ҳамкорларимизга полипропилен қоплар етказиб берамиз, бу борада яқин алоқаларни йўлга қўйганмиз, – дейди Фарғона вилоятидаги “Универсал савдо саховати” МЧЖ раҳбари Акмалхон Абдужалилов. – Бугунги учрашувда полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича 1 миллион долларлик меморандум имзоладик. Бу лойиҳа биринчи навбатда экологик нуқати назардан жуда фойдали, яъни полимер маҳсулотларнинг атроф муҳитга таъсирини камайтиришга хизмат қилади. Иккинчидан, хом ашёнинг кўплиги ва қайта ишлаш натижасида юқори иқтисодий самарадорликка эришилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари