Тил миллатнинг борлиги, бирлиги, ҳамжиҳатлиги, фахру ғурурининг тимсоли. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни сифатида катта тантана билан, ўзгача шукуҳ, кўтаринкилик билан нишонланмоқда.
Бу йил ҳам халқимиз руҳияти, кайфиятига ғоят яқин бўлган ушбу байрам мамлакатимизда юксак савияда бўлиб ўтмоқда. 21 октябрь куни эрта тонгданоқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, турли вазирлик ва идоралар, ташкилот мутасаддилари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди. Бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор, албатта. Зеро, она тилимизнинг равнақи, камолотида, унинг дунё узра кенг ёйилишида буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир.
Шу куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тантанали маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, бизнинг борлигимиз, миллат сифатидаги қиёфамиз, ўзлигимиз, маънавий куч-қудратимиз она тилимиз, жон тилимиз – ўзбек тилининг истиқболи билан узвий боғлиқ.
Тантанали тадбирда эътироф этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда она тилимизни асраб-авайлаш, унинг нуфузини тобора юксалтириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази каби тузилмалар ташкил этилди.
Умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўқитишга бўлган эътибор кучайди. Тилимиз тарғиботи, саводхонликка оид махсус электрон платформалар тайёрланиб, ишга туширилмоқда.
Айтиш керакки, ўзбек тили эндиликда БМТдек нуфузли ташкилотларнинг минбарларидан, йирик сиёсий учрашувларда баралла янграмоқда. Айни пайтда бир қатор хорижий давлатларда ўзбек тилини ўрганишга доир маърифий марказлар фаолият олиб бормоқда.
– Кейинги йиллар давомида ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун мамлакатимизда катта тантана билан нишонланмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев. – Президентимиз ташаббуси билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди. Бу кун наинки мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам табаррук кун сифатида нишонланмоқда. Байрам тадбирлари Навоийнинг ҳайкали пойига гуллар қўйишдан бошлангани бежиз эмас. Негаки, биз Алишер Навоийнинг нурли шахсиятига, ижоди, фаолиятига ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак оз. Ўзбек тили байрами бир кунлик тадбир эмас. Она тилимизнинг борлиги, мудом барқарорлиги биз учун катта байрамдир. Устоз шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов тил масаласи умуммиллий масала эканини таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, бугунги кунда ўзбек тилига эътибор умуммиллий миқёс касб этгани аҳамиятга молик.
Тантанали тадбирда она тилимизни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикрлар билдирилди.
– Марказимиз фаолият бошлаганига тўрт йил бўлди, – деди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов. – Ўзбек тилини ўрганиш бўйича хорижлик ва юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларидан кўплаб таклифлар келиб тушмоқда. Ўзбек тилини ўрганиш бўйича курсларни муваффақиятли тугатган кўплаб тингловчиларга сертификатлар топширдик. Айни пайтда ўнта гуруҳда ўзбек тили ўқитилмоқда. Шу билан бирга, марказда алоҳида мактаб ҳам фаолият кўрсатмоқда.
– Мен Ўзбекистондаги олий ўқув юртининг магистратура босқичида ўқиш учун келганман, – деди кореялик Им Чён Мён. – Ўзбекистонни, ўзбек тилини жуда яхши кўраман. КOIСA ташкилоти орқали Ўзбекистонга келганимда бу юрт мени ўзига ром этди. Одамлари жуда меҳрибон, ҳамиша ёрдам беришга тайёр, жуда меҳмондўст экан. Ўзбек тили юракдан севадиган тилимга айланди. Дунёдаги барча хорижликларни ўзбек тилини севишга ва уни ҳурмат қилишга чақираман.
– Спорт мусобақалари якунида доим мадҳиямиз баралла янграйди, – деди таэквондо бўйича Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳибаси Светлана Осипова. – Мадҳиямизни қалбимдан кечган ҳаяжонларнинг кўзгуси янглиғ баралла ижро этамиз. Бу азиз диёр, унинг мафтункор ва қадимий тили бўлмиш ўзбек тили биз учун ҳам жуда қадрлидир.
Мамлакатимизда истиқомат қилаётган хорижлик ҳамда турли миллат ва элат вакилларидан иборат талабалар ўзбек шоирлари шеърларидан намуналар ўқиди. Уларнинг ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиши, эътибори, она тилимизга бўлган чин ҳурмати ва муҳаббати самимий эътирофида ғоят жўшқин ва завқли тарзда янгради.
Юртимизда ўзбек тилини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, 14 та тилни мукаммал билган Саидризо Ализода ҳақидаги видеороликлар, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар” асари асосидаги спектаклдан лавҳа иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури кечага ўзгача файз бағишлади.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири