Мамлакатимизда янгича тизимда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига халқаро кузатувчилар томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилмоқда. Турли халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган кузатувчилар миссиялари ҳудудларда, сиёсий партия ташкилотларида бўлиб, сайловга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишмоқда.
“Адолат“ СДП Марказий аппаратида партия Сиёсий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов сиёсий таҳлилчилар Дорота Рижа ва Рашад Шириновдан иборат халқаро сиёсий миссия гуруҳини қабул қилди.
Партия раҳбарияти вакиллари миссия аъзолари билан юртимизда янгича сиёсий амалиёт – аралаш сайлов тизими асосида ўтказилаётган сайловлар, партия томонидан олиб борилаётган сиёсий фаолият, сайловолди кампанияси доирасида амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда партия дастурий йўналишлари бўйича фикр алмашди.
Халқаро кузатувчилар партия сайловолди жараёнларининг очиқлиги, адолатлилиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Абдукамол Раҳмонов халқаро кузатувчиларга партиянинг ижтимоий адолат, тенглик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидаги ташаббуслари, қонунчиликда олиб борилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Халқаро кузатувчилар партия фаолияти ва унинг халқ манфаатларига йўналтирилган сайловолди дастурини ижобий баҳолаб, сайловларда ҳар бир партия учун тенг шароитлар яратиш ва демократик тамойилларга риоя этишнинг муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, учрашув якунида партия ва халқаро миссия вакиллари ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот самарасини таҳлил қилиб, сайлов жараёнларида конструктив ва шаффоф муносабатни давом эттиришга келишиб олди.
М.Комилова, ЎзА