Собиқ Бош вазир Борис Жонсон Буюк Британия Қироллиги протоколида қайд этилмаган “сир”ларни оммага ошкор қилди.
10 октябрь куни пештахталардан ўрин олган ва шу ҳафта “Daily Mail” газетаси сериялаштирган китобда Жонсон Шотландиянинг Балморал шаҳрида ўтган монархнинг сўнгги кунларини эслади.
Жонсон 2022 йил сентябрда Елизавета II ўлимидан икки кун олдин расман истеъфога чиққан.Кейинги йилларда Қиролича қандай вафот этгани ҳақида турли миш-миш тарқалди.
– Мен Қиролича суяк саратони билан касалланганидан бир йил олдин хабар топган эдим, – деб ёзади у тўпламда. –Масъул шифокорлар ҳам унинг соғлиги тўсатдан ёмонлашиши мумкинлигидан хавотирда эди.
Гувоҳномада монархнинг ўлимига кексалик сабаб бўлгани кўрсатилган. Бинобарин, собиқ мартабали ҳукумат амалдорининг қиролича ўлимига нисбатан изоҳи илк оммавий далил сифатида янгради.
Жонсон автобиографиясида ўз ҳаёти, лавозимда ишлаган вақти ва марҳум қиролича билан муносабатини эслаган биринчи бош вазир эмас. Фақат собиқ раҳбарлар Тони Блэр, Гордон Браун ва Дэвид Кемерон бу мавзуни умумий маънода, Жонсондан фарқли ўлароқ, ёрқин тафсилотсиз ёзган.
Букингем саройи, одатда, қирол оиласи ҳақида нашр этилган китобларга изоҳ бермайди. Шунинг учун Жонсоннинг даъвосини тасдиқлаш ёки рад этишдан тийилди.
2019-2022 йиллар ҳукуматга раҳбарлик қилган Жонсон истеъфо қарорини айтиш учун Балморал қароргоҳига борганини эслайди. Уни шахсий котиб Эдвард Янг кутиб олган ва ёзда хонимнинг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашганидан огоҳ этган. Борис эса жавобан, олдинги учрашувда эр-хотин қиролича меҳмонхонасида бирга ўтирганини эслаб, котиб нима демоқчи эканини тушунганини билдирган.
– Унинг ранги оқарган, қадди бироз эгилгандек кўринди, қўллари ва билаклари тўқиш кўкарган эди, – дейди Жонсон. – Барибир, Эдвард айтганидек, қиролича хасталикка бутунлай таслим бўлмаётгани сезилиб турарди. Суҳбат давомида вақти-вақти билан ўзининг тўсатдан кайфиятни кўтарувчи гўзаллигини, ўша ажойиб оқиш табассумини намоён қилар эди. Хоним шундай кучли сабр-тоқат ва етакчилик ахлоқини кўрсатдики, одамлар, агар керак бўлса, унинг учун ҳаётини бахш этишга ҳам тайёр эди. Ким учундир ғалати туюлиши мумкин, аммо бу содиқлик, қанчалик ибтидоий кўринмасин, муҳим эди. Юртга меҳрибон, доно, халқ манфаатини ўйлайдиган, сиёсатдан устун фазилати билан у ўз ишини ажойиб тарзда бажарди.
Марҳум қиролича ҳеч қачон шахсий тиббий маълумоти мазмунини жамоатчилик билан баҳам кўрмаган. Зеро, қироллик хонадони аъзолари ҳам бошқалар каби тиббий шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Қирол Чарльз III ва Уэльс маликаси Кетрин эса бу анъанадан воз кечиб, соғлиғи ҳақида очиқроқ гапирди. Яъни, ўзларидаги саратон ташхиси ва даволаниш жараёнини ошкор қилди.
Эслатиб ўтамиз, марҳума Буюк Британияни 70 йил-у 214 кун бошқариб, иккинчи энг узоқ ҳукмронлик қилган шахсга айланди.
Елизавета II 1926 йил 21 апрелда туғилган ва 2022 йил 8 сентябрда вафот этган.
Мусулмон Зиё, ЎзА