Оммавий ахборот воситалари хабар беришича, душанба куни Тайвань атрофида 34 денгиз кемаси ва 125 самолёт пайдо бўлган.
Хитой Тайвань қирғоғида янги ҳарбий машғулот ўтказди. Орол раҳбари Уильям Лайнинг аннекциягаёки мамлакат суверенитетига тажовуз қилишга йўл қўймаслик ҳақидаги фикри ХХР ҳукуматига ёқмаган кўринади.
Бир неча йилдирки, Хитой ўзини ўзи бошқарадиган Тайвань оролини ўзиники, деб ҳисоблайди, Раис Си Цзиньпин,лозим бўлса, ҳудудни куч билан қайтариб олишга ваъда берган.
Давлат ОАВда эълон қилинган хариталарда Хитой ҳарбий кучлари бутун орол атрофида жойлашганини кўриш мумкин. Кейинроқ машқ муваффақиятли якунлангани айтилди.
Халқ озодлик армияси номи билан танилган Хитой ҳарбийлари таъкидлашича, машғулот армиянинг барча қанотларини қамраб олган ва Тайванга қуруқлик, денгиз ва ҳаво орқали ҳужум қилиш амалиёти кўриб чиқилган.
Қўмондонлик матбуот котиби Ли Хи тадбирда қўшиннинг “интеграциялашган қўшма операция имконияти тўлиқ синовдан ўтгани”ни маълум қилди.
Атрофдаги жиддий вазиятга қарамай, Тайвань аэропортлари ва портлари одатдагидек ишлади.
Орол мудофаа вазирлиги олдинги баёнотида Хитой ҳаракатини қоралаб, маъмурият қарама-қаршиликни янада кучайтириши мумкин бўлган тўғридан-тўғри тўқнашувларнинг олдини олмоқчи экани ва четдаги ороллар юқори огоҳлантириш ҳолатига келтирилганини билдирди.
ХХР ТИВ ҳарбий ҳужумга ва порт қамалига тайёргарлик кўрилганини тасдиқлаб,оролнинг мустақилликка интилиши минтақадаги тинчликни бузади, деди.
Хитой қирғоқ қўриқлаш хизмати Тайвань атрофида патруллар юрак шаклида жойлашган суратини босиб чиқарди.
Маълумки, ХХР 2022 йилдан бери Тайвань қирғоқларида бир неча йирик ҳарбий машғулот ўтказган, мамлакат қирувчи самолётлари мунтазам равишда орол ҳаво ҳудудига кириб туради.
Охирги машқ Пекин томонидан “Қўшма қилич 2024-Б” деб номланган. Ҳозиргача бўлган энг йирик амалиёт сифатида таърифлаган ушбу машғулот анча вақтдан бери Тайвань мустақиллигини ҳимоя қилувчи, Хитой муаммо сифатида қабул қиладиган Президент Лайга қарши “қизил чироқ” бўлди. Унинг Тайвань миллий кунидаги сўнгги изоҳи ХХР томонидан қораланди ва Лай ёмон ниятда кескинликни кучайтираётгани таъкидланди.
Бу машқлар кўпчилик томонидан кутилган бўлса-да, Хитой кема ва самолётлари Тайванга жуда яқин жойлаштирилиши, шунингдек оловли риторика тажовузкор ҳатти-ҳаракат сифатида баҳоланди.
АҚШ бунга жавобан, Лайнинг “одатий” нутқидан кейин машғулот учун ҳеч қандай асос йўқлиги, Хитой минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказиши мумкин бўлган кейинги ҳаракатдан қочиши кераклигини айтди.
Дарҳақиқат, Хитой Тайванни ҳарбий жиҳатдан қўрқитишининг яқин тарихи Тайвань ўзининг биринчи тўғридан-тўғри президентлик сайловини ўтказган 1996 йилга бориб тақалади. Ўшанда Пекин Тайвань атрофидаги бир неча ҳудудни чегараланган, деб эълон қилиб, шимолий ва жанубий қирғоқ яқинидаги ҳудудларга қисқа масофали баллистик ракеталар учирган.
АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Билл Клинтон оролга ҳужумнинг олди олинишини кўрсатиш учун мамлакат ҳарбий-денгиз кучларини секингина Тайвань бўғозига олиб кирди.
2008-2016 йиллар – Тайваннинг Демократик тараққиёт партияси раҳбари Цай Инвэнь Президент этиб сайлангунга қадар кескинлик сезиларли даражада пасайган. Ушбу партияни қатъий мустақиллик тарафдори сифатида кўрадиган Хитой Тайпейдаги ҳукумат билан ҳар қандай тўғридан-тўғри алоқани узди. Шундан буён айни ҳолат сақланиб қолган.
2022 йил августда АҚШ парламенти спикери Ненси Пелоси Тайпейга учиб келди. Бу 1997 йилдан бери биринчи марта содир бўлди. Мазкур ташриф ва Тайванни очиқ қўллаб-қувватлаш Пекин томонидан жиддий провокация сифатида қабул қилинди. Қолаверса, янги ҳукуматнинг юқори мартабали АҚШ сиёсатчиси томонидан расман тан олиниши, дея баҳолади.
Ўшанда Хитой икки кунлик машғулот ўтказиб, илк бор орол устидан Тинч океанига баллистик ракеталарини учирганди.
Мусулмон Зиё, ЎзА