Иорданиянинг “Бугунги хабарлар” ва “Еттинчи кун” нашрларида Амман Савдо-саноат палатаси раиси Халил Ҳаж Тавфиқ Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалаларига оид фикрларини баён этган.
Мақолада ушбу араб давлатининг мамлакатимиздаги элчиси Димай Ҳаддод вице-президентлар Набил Ал-Хатиб ва Баҳжот Ҳамдан ҳамда котиб ўринбосари Фалаҳ Ал-Сағир иштирокида бўлиб ўтган виртуал учрашув тафсилоти берилган. Мулоқот чоғида Ҳаж Тавфиқ элчихона томонидан Ўзбекистон бозори, экспорт қилинадиган товар ва хизматлар бўйича атрофлича маълумот тақдим этилганини таъкидлади.
Палата тарқатган баёнотда мамлакатимиз расмий делегациясининг Амман Савдо-саноат палатасига ташрифи якуни таҳлил қилинган. Хусусан, савдо айирбошлаш ҳажмини баҳолаш, мавжуд тўсиқларни камайтириш, хусусий сектор даражасида ҳамкорликнинг янги босқичи хусусиятларини баҳолаш масалалари кўтарилгани эътироф этилган.
Иорданиянинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбекистонлик ҳамкасблари билан “савдо, хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари, туризм, транспорт, озиқ-овқат ва бошқа соҳалар вакиллари иштирокида ихтисослаштирилган виртуал учрашувлар ўтказишга келишиб олган. Ушбу мулоқотлар мамлакатимиз бозорига чиқиши мумкин бўлган энг муҳим товар ва хизматлар, шунингдек Ўзбекистонни жалб қилиш имкониятларини аниқлаш мақсадини кўзлайди. Иордания расмий савдо делегациясининг республикамизга ташрифи масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, элчи Ҳаддод Иордания барча дўст давлатлар билан яхши муносабат ўрнатиш истагида экани, бу жараёнда Ўзбекистон алоҳида ўрин тутиши ва Иордания хусусий секторнинг икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатини юксак қадрлашини таъкидлади.
Ўзбекистон иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кийим-кечак ва пахта, шунингдек қуритилган мева, барча турдаги озиқ-овқат, фармацевтика саноати билан боғлиқлигига тўхталди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш йўлида айрим тўсиқлар мавжудлиги, масалан икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўқлиги айтилди. Энг муҳим, бу мауаммоларни ҳал қилиш мумкинлиги маъқулланди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА