Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси делегацияси амалий ташриф билан Грузия истеъмолчилар федерациясида бўлиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Меморандум имзолади.
Меморандумда икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик қуйидаги йўналишларда мустаҳкамланиши белгиланди:
— электрон тижорат ва рақамли товарлар бозорида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мавжуд халқаро етакчи принциплар ва стандартлар маҳаллий иқтисодий, ижтимоий ва экологик шароитларга мосланган ҳолда қабул қилинишида ташаббус кўрсатиш;
— бир мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар бошқа мамлакатда сотилганда ёки электрон хизматлар бошқа мамлакат истеъмолчиларига кўрсатилганда юзага келадиган қонунбузарликлар ва қаллобликларнинг олдини олиш учун халқаро, минтақавий ва миллий истеъмолчилар ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
– ҳамкор истеъмолчилар ташкилотлари билан бу борада тезкор ва самарали ахборот алмашувини йўлга қўйиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун икки ва кўптомонлама битимлар тузиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш орқали амалга ошириш;
— истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида халқаро, минтақавий ва миллий ҳамкор ташкилотлар билан тажриба алмашиш мақсадида манфаатдор ташкилотлар учун доимий тарзда тренинглар, семинарлар, форумлар ўтказишни йўлга қўйиш.
Бу ташаббуслар истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
ЎзА