Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Қатар ишбилармон доира вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Учрашувда палатас раиси ўринбосари Дилшод Расулов ҳамда ушбу араб давлати “Premium Constraction” корхонаси вакили Насри Ал Саъдий қатнашди.
Қатар томони Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистонни ишончли ҳамкор сифатида кўришини яна бир бор тасдиқлади.
Тадбир доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги қошидаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноати”, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмалари вакиллари томонидан мамлакатмиз инвестицион салоҳияти ҳамда тадбиркорликнинг кенг истиқболи акс этган тақдимот намойиш қилинди.
Музокара давомида Қатар давлати ишбилармонлари қизиқиш билдирган соҳа ва йўналишлар бўйича зарур маълумотлар, саволларга жавоблар берилди. Савдо-иқтисодий алоқани ривожлантиришга қаратилган таклифлар кўриб чиқилиб, муҳокама этилди.
Шунингдек, 11 ноябрь куни Доҳа шаҳрида бўлиб ўтадиган Ишбилармонлар кенгаши йиғилишида иштирок этиш, Қатарда ўзбек маҳсулотлари учун савдо уйи ёки шоурум маркази очишга келишиб олинди.
Қатар делегацияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи дастурига мувофиқ, Наманган вилоятига сафар ҳам режалаштирилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА