Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Ушбу муҳим сиёсий жараён ҳақида сайловчиларнинг хабардорлигини ошириш ҳамда уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишларини ташкил этиш муҳим ҳисобланади.
Шу боис сайлов кампанияси даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари самарали кўриб чиқилишини, шунингдек, фуқароларга сайловга оид масалалар юзасидан тезкор ва қулай тарзда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилишини ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида “Call-center” ишга туширилди.
Сайловчилар “Call-center” орқали сайлов жараёнларига оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиши ҳамда мурожаатларини йўллаши мумкин. Бунинг учун “Call-center”нинг 1200 қисқа рақамига бепул тарзда қўнғироқ қилиш кифоя. “Call-center”га малакали мутахассислар, ҳуқуқшунослар жалб этилган бўлиб, улар мунтазам равишда сайловчиларга жавоб бериб боради.
М.Комилова, ЎзА