Нукусдаги Ёшлар марказида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали томонидан Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар, эришилаётган ижобий натижалар ҳамда ушбу жараёнларни амалга оширишда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига тўхталди. Шунингдек, аграр соҳани янада юксак даражада ривожланиши, аҳолини сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда қишлоқларда истиқомат қиладиган ҳамюртларимиз турмуш тарзини янада яхшилаш, фаровонлигини оширишда салмоқли ҳисса қўшиб келаётган қишлоқ аёлларининг матонати ва иродаси таҳсинга лойиқ эканлиги эътироф этилди.
– Қишлоқда яшаб, ҳалол меҳнат қилиб келаётган аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кўрсатиш, уларнинг таклифларини ўрганиб, муаммоларини ижобий ҳал этишга эътибор қаратиш, фаол ва ташаббускор аёлларни муносиб рағбатлантириш бугунги кунда жуда муҳим масала, – дейди Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Абдукаримова. – Самимий ва содда, фидойилик тимсоли бўлган, қишлоқларимиз ободлиги, хонадонимиз дастурхонининг тўкин-сочин бўлишига эзгу ҳисса қўшиб келаётган қишлоқ аёллари ҳар доим ҳурмат ва эъзозда.
Тадбир давомида байрам муносабати билан қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллардан бери самарали фаолият юритиб келаётган хотин-қизлар ҳамда филиалнинг бир гуруҳ хотин-қизлари Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага байрам кайфиятини улашди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.