Немис олимлари сунъий интеллект (СИ) ва чат-ботларнинг тиббий маслаҳатлар тақдим этиш борасидаги имкониятларини баҳолади. Бу ҳақда “Scimex” янгиликлар портали маълум қилди.
Эрланген ҳамда Нюрнбергдаги (Германия) Фридрих-Александр номидаги университет мутахассислари октябрь ойининг ўртасида илмий ишнинг дастлабки натижалари билан ўртоқлашди. СИ фойдасини баҳолаш учун улар “Windows”га ўрнатилган “Microsoft” нинг “Copilot” нейротармоғидан фойдаланди. Шифокорлар “Copilot” фойдаланувчиларга тавсия қилган тиббий маслаҳатларнинг тахминан ярмига қўшилмаслиги маълум бўлди.
Тест давомида олимлар томонидан чат-ботга 50 та дори воситасига алоқадор бўлган 10 та савол берилди ва ҳаммаси бўлиб 500 та жавоб олинди. Маълум бўлишича, жавобларнинг атиги 54 фоизи илмий консенсусга мос келган, қолган қисми саломатлик ва ҳаёт учун хавф туғдирган.
Нотўғри жавоблардаги 42 фоиз маслаҳатлар енгил ва ўртача зиёнга, 22 фоизи — ўлим билан тугашига олиб келиши мумкин. Нейротармоқлар нотўғри жавобларининг 36 фоизи безарар деб топилган.
Олимларнинг таъкидлашича, СИнинг салоҳиятига қарамай, беморлар учун аввалгидек ўз шифокорлари, яъни жонли мутахассислар билан маслаҳатлашиш муҳимдир.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА.