ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири – ўтовлардан бугунги кунда ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишда кенг фойдаланилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида қорақалпоқ ўтовига бағишланган махсус ўринлар ажратилган.
Аёзқалъа, Тупроққалъа каби қатор тарихий ёдгорликлари, Орол денгизи, Қаратерен кўли соҳили ва бошқа дам олиш масканларида ўтовлар тикилган. Булар нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда.
Ўтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлайдиган усталарни “уйчи” дейишади. Бу касб уларга ота мерос. Қорақалпоғистон ҳудудининг аксарият қисмида ана шундай усталар бўлган ва улар яшайдиган қишлоқлар “уйчи овул” деб юритилган. Бундай номдаги қишлоқларни ҳозир ҳам учратиш мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтов(қора уй)ни ҳар қандай ёғочдан ясаб бўлмайди. У чидамли, эгилувчан толдан ишланади. Сабаби, кўчманчилар турмушига хос бундай бошпаналарни қуриш ва йиғиш тез-тез такрорланиб турилган. Табиийки, бунинг учун синмайдиган, мустаҳкам ашё зарур.
Қора уй 3 босқичда ишланади. Дастлаб, кереге (ёғоч панжара), ундан сўнг шанарақ (қора уйнинг том қисми), сўнгги босқич увиқ (тиргак) деб юритилади.
Шанарақ – қора уйнинг энг муҳим қисми бўлиб, у гумбазсимон доирадан иборат. Шанарақнинг ўртасига эгилиб ишланган икки қаторли ярим доира ёғоч “тўғин” дейилади. Айнан ушбу тўғин қора уйни бошқа халқлар ўтовидан ажратиб туради.
Қора уйнинг яна бир қисми эрганак (ергенек), яъни эшик деб юритилади. Уни бошқа уста ишлайди. Эрганак ўйма нақшлар билан безалади ва қизил рангга бўялади.
Қора уйнинг 6, 8, 12 қанотли турлари бор. Одатда 6 қанот уйлар ёш оилалар учун махсус тикилган, 8 қанотли уйлар эса оиладагилар сони кўпайганидан сўнг ишлатилган. Энг йирик – 12 қанотли уй қишлоқ ташқарисидаги “Маслаҳат тепа”га тикилиб, унда оғалар, яъни бийлар ва беклар эл-юрт тақдири билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилиш учун йиғилган.
Қора уй безак буюмларининг барчаси қўлда ишланган, яъни ўрмакда тўқилган. Кигиз асосан қўй, арқон эса туя жунидан тайёрланган.
Қора уйга нақшли безакларига қараб оқ ўтов, бўз ўтов деб таъриф берилган. Қора уйнинг ўртасида тўрт қиррали ўчоқ ўрнатилиб, тутуни уй туйнугидан чиқиб туради. Уй ичида оила аъзоларининг кийимлари, рўзғор буюмлари ҳамда кўрпа-тўшаклар қўйиладиган махсус ўринлари бўлган.
Ўтовнинг ўнг томонида ёшига қараб эркаклар, чап томонида хотин-қизлар ўтиради. Ўнг томон муқаддас ҳисобланган ва эркаклар ўтирган ўринни хотин-қизлар босиши қатъий тақиқланган.
Қора уйнинг эшиги паст бўлгани учун ичкарига энгашиб кирилади. Бу уйга таъзим қилиб кириш зарурлигини англатган.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида 20 дан ортиқ уйчи – ўтов тикловчилар фаолият кўрсатмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА