Бугун, 26 сентябрь куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида шахмат бўйича Вугар Гашимов хотирасига бағишланган анъанавий халқаро турнир бошланади.

Ўнинчи маротаба ташкил этилаётган ушбу нуфузли турнирда 8 нафар гроссмейстер иштирок этмоқда. Улар орасида маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов мазкур мусобақанинг 2022 йилги ғолиби сифатида дона суради.

Турнирда шунингдек, Озарбайжон вакиллари Шахриёр Мамедяров, Рауф Мамедов, Айдин Сулейманли, ФИДЕ байроғи остида турнирларда иштирок этаётган Владислав Артемьев ва Ян Непомнящий, венгриялик Ричард Раппорт, ҳиндистонлик Аравинд Читамбарам ғолиблик учун кураш олиб боради.

Мусобақа низомига мувофиқ, бугун ва эртага рапид, 29 сентябрь куни блиц йўналишидаги баҳслар бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев, ЎзА