Бугун, 26 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида аёллар клублари ўртасидаги VII Осиё чемпионати дастлабки босқичининг охирги икки беллашуви бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Ўзбечка” жамоаси “Қозоғистоннинг “Дўстлик” жамоаси билан, Қувайтнинг “Ал-Қурайн” жамоаси мезбонлар вакили “Қайсар” билан куч синашади.

Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига кўра, 1-ўринда 6 очко жамғарган “Қайсар” – (3 ўйиндан кейин), 2-ўринда 4 очкога эга “Дўстлик”, 3-ўринда 3 очко жамғаришга муваффақ бўлган “Ўзбечка”, 4-ўринда 3 очколи ҳиндларнинг “Голден Иглз Бхарат” ва 5-ўринда ҳали бирон бир очкога эга бўла олмаган Қувайтнинг “Ал-Қурайн” жамоаси бормоқда.

Жамоаларнинг жойлашувидан кўриниб турибдики, бугун ўтадиган учрашувлардан қатъий назар дастлабки тўрт ўринни эгаллаб турган жамоалар ярим финал масаласини ҳал қилиб улгурган. Бироқ ярим финалда қайси жамоалар рўбарў келиши ҳозирча номаълум. Кўриниб турибдики, 3-ўриндан жой эгаллаган гандболчи қизларимиз ярим финал остонасига яқинлашмоқда. Уларнинг рақиби қайси жамоа бўлиши бугун ўтадиган учрашувлар сўнггида маълум бўлади.

Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари 29 сентябрда аниқланади.

Т.Рўзиев, ЎзА