Наманган шаҳрида белбоғли кураш бўйича 20 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Наманган вилоятидаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабига қарашли «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ўтган чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 250 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди.
Мусобақада ўғил болалар эркин ва классик йўналишларда ўнта вазн тоифасида, қизлар эса эркин йўналишда саккизта вазн тоифасида куч синашди.
Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, юртимизда меҳмон бўлиб турган Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси вакили Ральф Файзиев (АҚШ), Наманган вилояти ҳокимлиги ва юзлаб спортсеварлар мухлислигида ўтган шиддатли беллашувларда ўз вазн тоифаларида Фирдавс Ҳақназаров (48 кг. Тошкент в.), Ойбек Сиддиқов (52 кг. Фарғона), Аброр Аҳмаджонов (57 кг. Наманган), Молдир Алимбаева (48 кг. Қорақалпоғистон), Феруза Собирова (52кг.Фарғона) сингари курашчилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Айтиш лозимки, мамлакат биринчилигида чемпионликка эришган спортчилар жорий йил ноябрь ойида Россия Федерациясида ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Т. Рўзиев,
ЎзА мухбири