Йиғилишда кун тартибидаги иккинчи масала – қурилиш индустриясидаги ишлар аҳволи таҳлил қилинди.

Дунёда қурилиш индустрияси кун сайин ривожланаётгани, замонавий лойиҳа ечимлари, янги технология ва ёндашувлар амалиётга шиддат билан кириб келаётгани таъкидланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш ҳажми йилига ўртача 7-8 фоиз ўсгани билан ҳалигача эски норма, стандарт ва ёндашувлар сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

Соҳага юқори технология, илм ва инновацияни жорий қилиш ишлари бугунги кун талабига мос келмаслиги қайд этилди.

Масалан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг 38 таси рўйхатдан ўтмаган, яна 13 таси янгиланмаган.

Шу боис қурувчилар замонавий объект қуришда лойиҳага махсус техник шарт олиш учун қўшимча вақт ва маблағ сарфламоқда, бу эса таннархга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қурилишдаги ўзгаришлардан орқада қолиб кетмаслик учун ШНҚларни мунтазам янгилаб бориш кераклиги таъкидланди.

Шу муносабат билан Қурилиш ва Адлия вазирликларига бир ойда 38 та ШНҚни рўйхатдан ўтказиб, амалиётга жорий қилиш, 1 мартга қадар 16 қаватдан юқори бинолар, савдо комплекси ва паркинглар бўйича миллий нормаларни ҳамда яна 13 та ШНҚни ишлаб чиқиш топширилди.

Йил якунигача 16 қаватдан юқори бинолар қуриш бўйича Тошкент архитектура-қурилиш университети қошида алоҳида Конструкторлик бюроси ташкил қилиниши белгиланди.

ЎзА