Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда АҚШ Президентининг ногиронлиги бор шахсларнинг халқаро ҳуқуқлари бўйича махсус маслаҳатчиси Сара Минкара ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Азиз Абдуҳакимов иқлим ўзгариши оқибатлари, айниқса, иқлим миграцияси, чанг бўронлари ва иқлим билан боғлиқ соғлиқ муаммолари тобора мураккаблашиб бораётган Марказий Осиё минтақасида сезиларли эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласига тааллуқли барча соҳаларда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш чоралари кўрилаётгани алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда иқлим ўзгаришининг ногиронлиги бор шахсларга номутаносиб таъсири ҳам муҳокама қилинди. А. Абдуҳакимов жамиятнинг муҳим қисми бўлган ногиронлиги бор шахсларнинг ҳиссасини ҳисобга олмасдан туриб, барқарор ривожланишга эришиб бўлмаслигини таъкидлади. Мулоқот жараёнида ноқулай муҳитдан қочиш мақсадида ногиронлиги бор шахслар саёҳат қила олмаслиги мумкинлигига эътибор қаратилди. Бу йўналишда вазир Ўзбекистон ташаббуси билан UNWTOнинг инклюзив туризм бўйича резолюцияси қабул қилинганини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, С. Минкара ногиронлиги бўлган шахслар учун туризмнинг инклюзивлиги ва ундан фойдаланиш имкониятини таъминлаш муҳимлигини ҳамда бутун мамлакат бўйлаб тегишли шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади. АҚШ Президентининг махсус маслаҳатчиси бу борада барча техник ёрдам кўрсатиш, жумладан, турли тадбирлар, семинарлар, тренинглар ва форумлар ўтказиш, шунингдек, ногиронлиги бор шахсларнинг муаммолари ҳақида аҳолини кенг хабардор қилишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўртасида АҚШ олий таълим муассасалари, Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети “Green University” ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети билан ҳамкорликда ушбу йўналишда тадбирлар ўтказиш борасида ҳамкорлик йўлга қўйишга келишилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА