Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси ўрин олган.

Мажлисда дастлаб «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

– Мазкур қонун лойиҳаси билан Омбудсман фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилиб, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган мутлақо янги ҳуқуқ – Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига «махсус маъруза» тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаев. – Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилиши юзасидан «муқобил маъруза» тайёрлаши ҳамда тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим талаблар (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлган) бекор қилинмоқда. Қолаверса, Омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилган ҳолда (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда, ҳар бир таъсир чораси алоҳида-алоҳида моддада акс эттириляпти.

Ички ишлар органлари тизимига кирадиган маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасаларда, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг гарнизони, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, тергов ҳибсхоналарида, жазони ижро этиш муассасаларида, интизомий қисмларда, мажбурий даволаш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, улар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказишга оид ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмитамиз томонидан ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқшунослар, депутатлар иштирокида бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилиб, берилган таклифларнинг салмоқли қисми лойиҳа матнида акс эттирилди, – деди қўмита раиси.

Моддама-модда муҳокамалар давомида депутатлар бир қатор аниқлаштирувчи савол ҳамда таклифларни ўртага ташлади. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти ошишига, ҳуқуқлари кенгайтирилишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юбориладиган бўлди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА