Қонунга шарҳ

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу эса фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини ҳам оширади. Демак, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш, фуқароларга енгилликлар тақдим этиш лозим бўлади.

Яқинда парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган “Ипотека кредити бозорининг ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун арзон уй-жойларга бўлган талабларни қондириш ва қулайликлар яратишда муҳим ўрин тутади.

Мазкур қонунда кўзда тутилаётган норма ва янгиликлар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Адҳам Назирқулов қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Ипотека кредити бозорини кенгайтиришга қаратилган “Ипотека кредити бозорининг ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан амалдаги 3 та қонунга — “Ипотека тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ҳамда “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Биламизки, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ва талаби йилдан-йилга ортиб бормоқда. Фуқароларга асосан ипотека кредитлари асосида уй-жойлар берилмоқда. Аҳолига ипотека кредитлари асосида уй-жой бериш учун эса банкларга етарли ресурс керак. Бу ресурслар қаердан олинади? Ушбу ресурслар, биринчи навбатда, давлат бюджети ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, шу билан бирга, Осиё тараққиёт банкидан жалб этилган маблағлар ҳисобидан ажратилмоқда.

Мазкур қонун билан гаров хатини расмийлаштириш орқали ресурслар жалб этиш кўзда тутилмоқда. Бунда ипотека кредити олган шахсга қўшимча мажбуриятлар юкланмайди. Фақатгина тўловни қабул қилувчи шахс ўзгаради. Банклар гаров хатини таъминотчи сифатида олиб туриб, қўшимча маблағлар жалб этиш имкониятига эга бўлади.

Гаров хати нима дегани? Банклар берган кредитларини бошқа шахсларга актив сифатида сотади ва гаров хатини олади. Шу гаров хати орқали қўшимча маблағ жалб этилади. Гаров хатининг онлайн тарзда  расмийлаштирилиши эса ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши арзон уй-жойларга бўлган талабларни қондириш,  гаров хатини расмийлаштириш, уни бериш, ипотека кредитини қайта молиялаш жараёнини соддалаштириш ва таннархини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек,  кредит олувчиларга енгилликлар тақдим этади, тижорат банкларининг ипотека кредитини ажратиш имкониятларини кенгайтиради.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА