Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида Agrotech Innovation Day: “Яшиловул ‒ платформаси билан келажагимизни биргаликда қурамиз” номли кўргазма-ярмарка бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистондаги Глобал Яшил ўсиш институти (GGGI) томонидан ишлаб чиқилган “Яшиловул” платформаси билан соҳани янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва агробизнес вакиллари учун қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба алмашиш, замонавий инновацияларни жорий этиш бўйича муҳим маълумотлар ва кўргазма воситалари билан яқиндан таништирилди.
Тадбирда фермерлар, экспортёрлар, техника етказиб берувчилар, шунингдек, молия институтлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Кўргазмадан кўзланган мақсад – қишлоқ хўжалигидаги энг сўнгги замонавий технологияларни тарғиб қилиш, фермерлар ва агробизнес вакиллари алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, “Яшиловул” мобил бизнес платформасининг имкониятлари билан қишлоқ хўжалиги соҳаси ва агробизнес вакилларини яқиндан таништиришдир. Платформа KOICA томонидан молиялаштирилган (5,9 миллион AҚШ доллар) “Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси учун яшил реабилитация инвестиция лойиҳаси” (Aral Sea GRIP) инвестиция лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг кўмаги ёрдамида ишлаб чиқилган.
Глобал Яшил ўсиш институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2021 йилда очилган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида сезиларли натижаларга эришди. Жумладан, 17 минг нафардан ортиқ аёл, ёшлар, фермерлар ва агробизнес вакилларининг иқлим ўзгаришига чидамлилиги оширилди, бир неча киши учун иқлимга мос қишлоқ хўжалиги бўйича тренинглар ўтказди. 800 нафар иштирокчи лойиҳанинг тажриба ҳудудларида 445 гектар ерни ҳимоя қилувчи 31 км узунликдаги шамол тўсиқлари сифатида 18 минг туп ниҳол экиш ва бошқа ишларни амалга оширди. Бундан ташқари, тижорат банклари билан ҳамкорликда яшил инвестицияларни жалб қилмоқда: GGGI Саноат қурилиш банкнинг бевосита кўмагида дастлабки тематик ижтимоий, барқарор ва яшил облигацияларни чиқарди. Бу эса биринчи навбатда барқарор ва яшил лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистондаги Глобал Яшил ўсиш институти (GGGI), Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун илғор технологияларни жорий этишнинг муҳимлиги, фермерларни қўллаб-қувватловчи асосий лойиҳалар ва бу борадаги ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида гапирди. Шунингдек, минтақада Орол денгизи инқирозининг янада ёмонлашиб бораётган салбий оқибатларини юмшатиш учун фермерларнинг иқлимга чидамли ва энергоресурсларни тежовчи технологияларни ўзлаштиришга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани таъкидланди.
Расмий очилишдан сўнг иштирокчилар кўргазма стендлари билан танишдилар. Эрталабки дастурда етакчи етказиб берувчиларнинг энг янги қишлоқ хўжалиги техникалари ва технологиялари намойиши бўлиб ўтди. Aгробизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз хизматларини таклиф этган лизинг ва суғурта компаниялари, тижорат банклари вакиллари ҳам иштирок этди.
“Яшиловул” мобил бизнес платформаси тақдимотида мутахассислар унинг илова ва веб-сайт форматида мавжуд барча имкониятлари билан яқиндан таништирди. Мазкур платформа Оролбўйида қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида бизнес юритиш учун зарур маълумотларни тақдим этади. Ундан фойдаланувчилар тегишли соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашишлари, шунингдек, Қорақалпоғистоннинг турли туманларидаги фойдали материаллар, янгиликлар ва ҳафталик озиқ-овқат нархлари билан танишиши мумкин.
Дастур давомида иштирокчилар қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, агробизнесда молиялаштириш ва суғурталаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги саноатида рақамли технологияларнинг ўрни каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди. Кўргазма нафақат иқлимни барқарор ва унга мослашган қишлоқ хўжалиги учун инновацион технологияларни намойиш этиш майдончаси, балки биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги секторини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.