Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида тадбиркор Ердос Қаденовнинг ҳомийлигида “Қоратал” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Ушбу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Отемисов, Ўзбекистон маҳаллари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турманов ва бошқа сўзга чиққанлар йиғилганларни янги бино очилиши билан қутлар экан, саховатпеша тадбиркорга бутун маҳалла аҳли номидан миннатдорлик билдирди.
Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан жойларда маҳалла институтининг аҳоли ҳаётидаги ўрнини ошириш ва уларни моддий-техник томондан қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзи туғилиб ўсган маҳалла фуқаролар йиғинига ҳомийлик қилаётган Ердос Қаденов саховатпеша тадбиркорлардан биридир.
Фуқаролар йиғини биносида маҳалла еттилигининг аҳоли билан самарали ишлаши учун етарли имконият яратилган бўлиб, маҳалла биноси олдида турли тадбирларни ўтказиш учун майдон ҳам барпо қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.