Хабар берганимиздек, шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Аль-Айн шаҳрида ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионати баҳслари ташкил этилмоқда.

Бугун қитъа чемпионатининг ўсмир қизлар ўртасидаги финал жанглари ўтказилди. Олтин медаллар учун кечган жангларда 8 нафар боксчи қизимиз иштирок этиб, уларнинг етти нафари ғолибликка эришди. Бу эса Ўзбекистон терма жамоаси ўсмир қизлари мусобақада 7 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлишини таъминлади.

Терма жамоамиз аъзоларидан Нилуфар Ҳамдамова, Робия Равшанова, Севара Маматова, Аселя Тулегенова, Ҳадичабону Бекова, Мафтуна Янгиева, Мавжуда Абдусаидова олтин, Мафтуна Мусурмонова кумуш, Фарзуна Рўзиева ва Нилуфархон Абдуҳошимова бронза медалларига мушарраф бўлди.

Т.Рўзиев, ЎзА