Бугун мамлакатимизнинг барча умумий ўрта таълим мактабларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида ҳам 2024-2025 ўқув йили учун “Биринчи қўнғироқ” чалинди.

“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида  “Билимлар куни” муносабати билан Элликқалъадаги  22-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда туман  ҳокими Валижон Ниязимбетов йиғилганларни самимий табриклади.

Тадбир давомида 1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси” топширилди.

Умумтаълим мактабида ҳам анъанага кўра, янги ўқув йилининг сабоғи  “Мустақиллик дарси” билан бошланди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, умумтаълим мактабининг илк дарси туман ҳокими В.Ниязимбетов иштирокида бўлиб ўтди. Ушбу дарсда туман раҳбари юртимиздаги  ёш авлоднинг ёрқин келажаги, камолоти учун амалга оширилаётган ишлардан фахрланишимиз, ўз навбатида, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини қайд этди. Ўтказилган дарсда келажак сари интилаётган ёшларга Ватанни севиш ҳақиқий бахт эканлиги, мамлакатимиз тинчлигини асраб-авайлаш, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг бурчига айланиши, асосийси,  ўқувчилар кучли билимга эга бўлиши, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Туманда жами 75 та таълим муассаса фаолият юритиб, шундан 73 та умумтаълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб ва 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби мавжуд. Уларда таълим ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, рус тилларида олиб борилмоқда. 2024-2025 ўқув йилида 1-синфга 3  минг 250 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.