Бугун, 4 сентябрь куни «Адолат» социал-демократик партияси ХII Қурултойини ўтказди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар, Сиёсий Кенгаш вакиллари, Марказий тафтиш комиссияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Қурултойда партиянинг 2020-2024 йиллардаги фаолияти сарҳисоби қилинди ва истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди. Қурултойда қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари сони ҳисобот даврида 2020 йил бошидаги 438 минг нафардан қарийб уч баробарга ортиб, 1,1 миллион нафарга етди. 2020 йилда бошланғич партия ташкилотлари 6 мингдан ортиқ бўлган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 8 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. 2019 йилда партия аъзоларининг 176 минг нафарини (37 фоизини) ёшлар ташкил қилган бўлса, бугунга келиб умумий аъзоларнинг қарийб 433 минг нафари ёхуд 39 фоизи ёшлардан иборат.
Ўтган ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари юзасидан 18 минг 578 та депутатлик сўрови тегишли ташкилотларга юборилган, 9 минг 988 маротаба халқ депутатлари кенгашлари сессияларида мансабдор шахслар эшитуви ўтказилган, 5 минг 43 маротаба депутатлик гуруҳлари ҳамда ишчи гуруҳлари ўрганиши натижаси юзасидан доимий комиссия йиғилишларига масалалар киритилган, 2 минг 730 та масалани халқ депутатлари кенгашлари сессияларига киритишга эришилган.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳисобот даврида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 36 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлишди.
Адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демократик қадриятларга содиқ қолиш ва миллий тараққиёт йўлида ишончли ёндашувларни жорий этишни мақсад қилган “Адолат” СДП Қурултойи давомида партия Сайловолди дастури, сиёсий қарашлари ва стратегик режалари таништирилди.
Хусусан, сиёсий майдонда ўзини “сўл марказ” позициясида намоён этиб келаётган “Адолат” социал-демократик партияси социал-демократия мафкурасига содиқ қолган ҳолда янги Сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан соҳалари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, ташқи ва ички сиёсатга қаратилганлиги таъкидланди.
Партия дастуридаги давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадларни адолатли тақсимлаш, жарималар миқдори ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини фуқароларнинг даромадларига мутаносиблигидан келиб чиқиб белгилаш, аҳоли ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиш каби ташаббуслари ҳам партия учун социал-демократик ғояларга содиқлигини кўрсатади.
Жумладан, Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотга ўтказиш, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш, жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши устидан назоратни кучайтириш, таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.
Фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишда судьяларнинг мустақил бўлиши муҳим мезон бўлиб, судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш, одил судловни амалга оширишда судьялар сонини ошириш ҳамда адвокатура институтини ривожлантириш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш мақсадида истироҳат боғлари, сайилгоҳларни хусусийлаштиришни тақиқлаш, ногиронлар учун светофорларда махсус товуш чиқарувчи қурилмалар ўрнатиш каби ғоялар илгари сурилган.
Шу билан бирга, талабаларнинг турар жойлар билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш, олий таълим муассасаларида ўқув сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, замонавий хорижий адабиётларни харид қилиш ва таржима қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш ҳамда илм-фан соҳаси вакилларининг манфаатларини таъминлаш, олимларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Қурултой делегатлари муҳокамалардан сўнг “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланган Сайловолди дастурини тасдиқлади. Қурултой кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала – жорий сайловларда депутатликка партиядан кўрсатиладиган номзодларни тасдиқлаш.
Қайд этилганидек, “Адолат” социал-демократик партияси бўлажак сайловларда номзодларни кўрсатишда бир қатор муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. Боиси партиянинг мақсади парламентда, маҳаллий кенгашларда халқ манфаатларини тўлақонли ҳимоя қила оладиган, жонкуяр, олдига қўйилган вазифани ортиғи билан адо этишга бел боғлай оладиган, фидойи, халқпарвар, эл орасида обрўга эга бўлган, билдирилган ишончга, вазифасига масъулиятли ва адолатпарвар шахсларни кўришдир.
Қурултой якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига мажоритар бир мандатли округлар бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат бўйича 100 нафар номзодлар кўрсатилди.
Номзодларнинг 45 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 25 фоизини педагоглар, 20 фоизини ҳуқуқшунослар, 18 фоизини тиббиёт, 37 фоизини иқтисодиёт, ижтимоий ва бошқа соҳалар вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафарида фан номзоди (PhD) ва 23 нафарида фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд.
Қурултойда қайд этилганидек, барча номзодларга оид ҳужжатлар номзодларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Қурултойда партиянинг сиёсий стратегияси, шунингдек юртимизда иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни изчил давом эттиришга қаратилган аниқ мақсадларига таяниб, партия фаоллари, депутатликка номзодлар ва барча аъзоларининг бирлашган кучи билан мамлакатимизнинг барча соҳаларида ижобий ўзгаришларни амалга оширишга тайёр эканлиги ва ғалаба қозонишга барча имкониятлар борлиги қайд этилди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати