Жорий йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар ўтказилиши муносабати билан жойларда мазкур сиёсий жараёнга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Хусусан, партиянинг сайловларда қатнашиши учун имзо йиғиши жараёнлари кўтаринки руҳда ташкил этилди. Марказий Сайлов комиссияси O‘zLiDePнинг сайловларда қатнашишга рухсат берди.
Айни кунларда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ, ҳудудларда партия ташкилотларининг конференциялари бўлиб ўтмоқда. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотининг жорий йилда бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловида фаол иштирок этиши O‘zLiDePнинг етакчи куч сифатида мавқейини янада мустаҳкамлаши алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти ўз сафида 113 минг 161 нафар аъзони бирлаштирган. Таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият, адабиёт ва санъат соҳаси ҳамда жамоат ташкилотлари, қолаверса, турли миллат вакиллари 1 минг 166 та бошланғич партия ташкилоти атрофида жам бўлишган. Халқ депутатлари Маҳаллий Кенгашларда эса 143 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Улардаги партия гуруҳлари бевосита сайловчиларга яқин, улар билан бирга нафас оладиган бўғин ҳисобланади. Айнан уларнинг фаоллиги билан партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда.
2020-2024 йил давомида жами 4 мингдан зиёд учрашув ташкил этилиб, 50 минг нафарга яқин иштирокчи қамраб олинди. Уларда тадбиркорлар ва аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг салкам 80 фоизи депутатлар томонидан ижобий ҳал этилди.
Конференцияда O‘zLiDeP тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун катта сиёсий кучга айлангани, 1 минг 100 дан ортиқ қуйи бўғинларда 113 минг нафардан зиёд аъзони бирлаштиргани таъкидланди. Партиянинг мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, мулкдорлар синфини кенгайтириш мақсадида амалга оширган саъй-ҳаракатлари хусусида сўз юритилди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилотидан O‘zLiDePнинг I Конгрессига делегатлар сайланди. Тадбиркорлик, илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритаётган сафдошларимиз партиянинг тарихий анжуманида иштирок этади.
Йиғилиш сўнггида мазкур сиёсий жараёнда Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.