Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги арафасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида бир қатор ижтимоий соҳа объектларининг фойдаланишга топширилиши аҳолига байрам туҳфаси бўлди.

Жумладан, Нукус шаҳрида Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Ёшларни чақирувга тайёрлаш маркази, Амударё туманида замонавий туғруқхона мажмуаси, Тўрткўл туманида “Asl Smartum” нодавлат умумтаълим мактаби, Элликқалъа туманида “Бўстон Деним” корхонаси фойдаланишга топширилди.

Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Ёшларни чақирувга қадар тайёрлаш маркази учун янги объект фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда ёшларни она Ватанга муҳаббат ва содиқлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний чиниққан, баркамол авлод бўлиб камолга келишини таъминлаш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Мудофаа вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида Мудофаа вазирлиги кубоги учун” ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақаларининг якуни бўйича ғолиб бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Атакўл” овул фуқаролар йиғин ёшларидан ташкил топган жамоа аъзоларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда фаолият олиб бораётган соғлиқни сақлаш муассасаларининг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амударё туманида 14,4 миллиард сўм маблағ асосида туғруқ мажмуаси бунёд этилди.

Шу куни Тўрткўл туманида “Asl Smartum” нодавлат умумтаълим мактабининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда, сўзга чиққанлар сўнгги йилларда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бу борада ёшларни соғлом фикрли, билимли ва етук инсон қилиб тарбиялашда таълим масканлари қаторида нодавлат таълим масканларининг ҳам аҳамияти ортиб бораётганлиги таъкидланди. Мактаб қурилишига 9 миллиард сўм маблағ сарфланди. Барча шароитларга эга мактабда 440 нафар бола билим олади. Шунингдек, 42 нафар педагог кадрнинг бандлиги ҳам таъминланди.

Элликқалъа туманида 6,3 миллион АҚШ доллари эвазига “Бўстон Деним” корхонаси томонидан ип-калава ишлаб чиқариш, тикув ва бўяш цехлари фойдаланишга топширилди. Корхонада  200 та иш ўрни яратилиб, йилига 5 миллион дона текстиль маҳсулоти ишлаб чиқарилади.

Мазкур иншоотларнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.