Ватан шаънини улуғлаган спортчиларга давлатимиз томонидан кўрсатилган эҳтиром ортидан юртимиздаги қатор ташкилот ва корхоналар ҳам уларга ўз совғаларини топширмоқда.

Хусусан, “Фонон” заргарлик заводи Ўзбекистон Мустақиллигининг 33 йиллиги байрами олдидан Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизни юртимизда ишлаб чиқарилган миллий олтиндан ишланган медаллар билан тақдирлади.

Тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Ш. Маҳмудов, “Фанон” заводи бош директори Д. Расулов XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг аҳамияти, ғолиб ва совриндорликка эришган спортчиларимизнинг қаҳрамонлиги, ёш спортчиларимизга руҳий қувват бўлганлигини эътироф этишди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари Олимпия ўйинлари иштирокчилари билан учрашувда таъкидланганларидек, дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан 11 минг нафарга яқин энг машҳур спортчилар қатнашган ушбу нуфузли спорт анжумани биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлганлиги,мазкур Олимпиадада Ўзбекистон биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни, 19 та спорт турида 90 нафар спортчи билан иштирок этгани, бу ғалабалар, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдиришидан далолат эканлиги айтиб ўтилди.

Ўз навбатида, Париж-2024 ўйинларида ғолибликка эришган Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов ва бошқа спортчиларимиз давлатимиз ва халқимиз томонидан билдирилаётган ишончни оқлаш, эътиборга муносиб бўлиш борасида ўз фикрларини билдиришди.

Т. Рўзиев, А. Содиқов (видео), ЎзА