Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалар тарих саҳифаларга олтин ҳарфлар билан битилди.
Халқимиз бу зафарли одимларни қайта-қайта эслашдан, ғолибларимиз номини такрор-такрор эътироф этишдан чарчамайди. Забт этилган марра шунга арзийди.
Ушбу катта спорт баҳсларида икки юздан зиёд давлатдан ўн бир минг нафарга яқин кучли атлетлар медаллар учун кураш олиб борди. Мамлакатимиз ўн тўққиз спорт тури бўйича тўқсон нафар спортчи билан иштирок этди. Муросасиз баҳслар ортда қолди, ютуқлардан бошимиз кўкларга етди, ғалабаларга бироз кўникдик. Лекин ўша қувончли лаҳзалар шукуҳи, ҳаяжони ҳали ҳеч биримизни тарк этгани йўқ. Саккизта олтин, иккита кумуш, учта бронза медали қўлга киритилгани Янги Ўзбекистонга ўзига хос туҳфа бўлди.
Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди. Улар билан дилдан мулоқот бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Миллий олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди. Учрашувдан сўнг уларнинг баъзиларини суҳбатга чорладик.
Абдумалик Халоқов, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Париж Олимпиадаси ғолиби:
– Бу галги Олимпия ўйинларида иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгалладик. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича мутлақ пешқадам – биринчи ўриндамиз. Бу юртимизда спортга, ёшларга бўлаётган эътиборнинг натижаси. Машғулотлар, айниқса, баҳсларга тайёргарлик жараёнида барча имкониятлар яратиб берилди. Натижа шунга мос бўлганидан хурсандмиз. Бундай нуфузли мусобақаларда зафарли юришларимиз давом этади. Бугун давлатимиз раҳбаридан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини қабул қилдим. Бу менга янада катта куч беради.
Диёра Келдиёрова, дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Париж Олимпиадаси ғолиби:
– Менга бу натижани қўлга киритиш осон бўлмади. Чунки Токио Олимпиадасида медаль олганлар билан курашдим. Президентнинг, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши менга куч берди. Келажакда ҳам бутун дунёга ўзбек аёллари қандай кучга эга эканини кўрсатамиз. Ушбу Олимпиадада дастлабки олтин медалнинг соҳиби бўлиш бахти менга насиб қилганидан жуда хурсандман. Бу ҳам дзюдо бўйича, ҳам аёллар ўртасида юртимизнинг мусобақадаги биринчи олтин медали бўлиб тарихга кирди.
Президентнинг ғамхўрлигини ҳис қилиб туриш ғайратим ва кучимни ошириб туради. Бугун ҳам «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини кўксимга тақар эканлар “Диёра, қизим”, дедилар. Мана шундай оталарча меҳрга ҳамиша муносиб бўлишга ҳаракат қиламан. Бугунги тадбирда онам ҳам иштирок этдилар. Уларнинг қувончини кўрганимдаги бахтиёрликни таърифлай олмайман. Ғалабаларимиз мана шундай унутилмас лаҳзаларни олиб келар экан, биз зафар қучишдан чарчамаймиз.
Сабоҳат Жалолова, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, икки карра Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалоловнинг онаси:
– Президентимиз ўғлимни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлади. Олимпиадада юқори натижаларга эришган, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини оширишга ҳисса қўшаётган йигит-қизлар орасида Баҳодиржоннинг ҳам борлигидан ҳамиша ғурурланаман. Болам Ватан ва она тушунчаларини ҳамиша бирга тасаввур қилади. Менинг нима исташимни кўзларимдан илғайди, қувониб юришим, хотиржам бўлишим учун ҳамма нарсага тайёрлигини биламан. Ўзбекистонимиз, унинг шон-шуҳрати учун ҳам борини беради. Фарзандларни ҳамиша дуо қиламиз. Ютуқлари, ғалабалари давомли бўлсин. Уларнинг сафи кенгаяверсин.
Тошкент шаҳрида бокс бўйича Баҳодир Жалолов ихтисослаштирилган спорт маҳорати мактаби фаолият олиб боряпти. Бу ерда ҳам халқаро даражадаги боксчилар тайёрланмоқда. Ўғлимга шунча ишонч билдирилаяпти, у буни оқлашига ишонаман. Фарзандим бир сўзли, бугун ҳам Президентимизга профессионал боксда тўртта камарни қўлга киритишни айтиб, полвон битта гапиради деди. Илоҳим, ниятига етсин.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА