Нукусда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Шунингдек, унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти, бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирок этиш ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қурултойига делегатлар сайлаш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунга келиб, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошланғич партия ташкилотлари сони 849 тани, партия аъзолари сони эса 44 минг180 нафарни ташкил қилмоқда. Ҳозирда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракция аъзолари сони 11 нафар, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 96 нафар, жами 107 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Ўтган ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар 2 минг 255 та депутатлик сўровини амалга оширди.

Уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган, вақтинча ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш учун “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида ўтган давр ичида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 170 та бепул ўқув курси ташкил қилинди. Уларда 1 минг 120 нафар уюшмаган ёш ва хотин-қизга қўшимча бепул таълим берилди ҳамда касб ҳунар ўргатилди.

Бугун юртимизда бир нечта сиёсий кучларнинг фаолият кўрсатаётгани жамиятда соғлом рақобатни вужудга келтириб, уларни чинакамига курашга чорламоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу жараёнда фаол иштирок этиб, эл назарида бўлишга, чин маънода халқ ишонган партияга айланишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунга эришиш учун, аввало, партия давр шиддатига ва бугунги кун талабига мос ҳолда иш олиб бориши лозим.

Бир сўз билан айтганда конференцияда партия ташкилотининг ҳисобот давридаги фаолияти танқидий-таҳлил қилинди ва чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, партия сафини ғоя ҳамда мақсадларга ишонган ташаббускор ва изланувчан фуқаролар ҳисобига доимо тўлдириб бориш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш мақсадида тадбирлар сифатини ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди ҳамда сайловларда муносиб иштирок этиш лозимлиги таъкидланди.

Конференция кун тартибида бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.