Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Мудофаа вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида Мудофаа вазирлиги кубоги учун” ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақаларининг якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг кубоги қорақалпоғистонлик ёшлар томонидан қўлга киритилди.
Тошкент шаҳридан келган ғолиб жамоа ва Мудофаа вазири кубоги “Нукус” темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, ғолиб жамоа ва уларнинг яқинлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Сўзга чиққанлар ёшларга эътибор, кўмак берилса, имкониятлар яратилса, албатта, мана шундай муваффақиятлар қўлга киритилишини таъкидлади. Шунингдек, 2024 йилда Мудофаа вазирлигига юртимиздаги жами 9 минг 448 маҳалладан 2 минг 546 маҳалланинг 1 миллион нафардан кўпроқ ёши бириктирилган бўлиб, улар билан манзилли ишлаш тизими яратилгани эътироф этилди. Мусобақа адолатли ва шаффоф ташкил этилгани, ёшларнинг Тошкент шаҳридаги Қуролли Кучлар академиясида яшаши учун Мудофаа вазирлиги томонидан барча қулай шароитлар муҳайё этилгани ҳам алоҳида тилга олинди.
“Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ташкил этилган мусобақадан кўзланган мақсад Мудофаа вазирлиги томонидан оталиққа олинган ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб қилиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларни йўлга қўйиш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, энг асосийси, ҳаётда адашган ёшларни тўғри йўлга қайтаришга кўмаклашишдан иборатдир.
Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерациялари билан ҳамкорликда вазирлик томонидан оталиққа олинган мамлакатимизнинг ёшлари иштирокидаги мусобақалар уч босқичда ташкил қилинди. Якуний босқичда 14 жамоа “Мардлар сафидаман!” шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар танлови, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Aрқон тортиш” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари бўйича ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди.
Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани “Aтакўл” овулидан мусобақада иштирок этган ёшлар беллашувнинг “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Мардлар сафидаман!” шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар танловида юқори натижага эришиб, қолган шартларда муваффақиятли иштирок этгани учун беллашув шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан жой олди.
Якуний натижаларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ёшларидан ташкил топган жамоа биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Навоий вилояти ёшларига насиб этди. Сирдарёлик иштирокчилар жамоаси учинчи ўрин билан мусобақани якунлади.
“Нукус” темир йўл вокзалидан Тахтакўпир туманига йўл олган ғолиб жамоа туман Маданият маркази олдида ота-оналар ва яқинлари томонидан қизғин кутиб олинди. Улар шарафига илиқ сўзлар айтилиб, Президентимизнинг ёшларга бераётган эътибори ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирилди. Мудофаа вазири кубоги ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланган ғолиб ёшлар туман ҳокимлиги томонидан ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазирлиги томонидан республика ёшлари ўртасида ўтказиб келаётган ҳарбий-спорт мусобақаларда бундай юксак натижаларга қорақалпоғистонлик ёшлар илк маротаба эришаётгани йўқ. 2021 йилда илк маротаба ўтказилган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг якуний босқичида ҳам Қорақалпоғистон Республикаси шарафини ҳимоя қилган Кегейли туманидаги 41-сонли мактаб ёшлари юксак натижаларга эришиб, 1-ўринга сазовор бўлишган эди.
Орадан роппа-роса 3 йил ўтиб “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасида мудофаа вазири кубогини иккинчи маротаба Қонликўл туманининг 2-сонли мактабининг “Лочин” жамоаси яна Қорақалпоғистон заминига олиб келди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг учта кубоги айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ёшлари томонидан ишончли қўлга киритилди.
Тимур НАРЗИЕВ,
подполковник, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи.
ЎзА.