Тадбиркорлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармони асосида Қорақалпоғистон Республикасидан 2 нафар тадбиркор орден ва медал, тегишли фармойишига асосан 6 нафари “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Улар орасида Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл шиша идишлари” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Хуршид Юлдашев ҳам мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳада янги ва истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга қўшаётган катта ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган шиша идишларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Тўрткўл шиша идишлари” масъулияти чекланган жамият томонидан 2021-2023 йилларда 348 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу даврда жами 43 миллиард 200 миллион сўм даромад қилиб, шундан 14 миллиард 299 миллион сўм соф фойда олишга эришилди. Бугунги кунга келиб корхонада жами 180 та иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурининг амалга оширилиши тадбиркорларга янада кенг имконият бермоқда. Ушбу имтиёзлардан фойдаланган ҳолда корхона томонидан 2023 йилда 750 минг, жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида 550 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ҳамда Грузия давлатларига экспорт қилинди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан Нукус шаҳрида ўтказган навбатдаги очиқ мулоқоти соҳа ходимларига янада кенг имкониятлар беради, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Хуршид Юлдашев. – Давлатимиз раҳбарининг мулоқотдаги “Ҳали имкониятларимиз бундан бир неча карра кўп. Энг муҳими, уларни ишга солишга қодир бўлган сиздек ватанпарвар ва жонкуяр тадбиркорларимиз бор”, – деган эътирофи бизнинг ҳар биримизга ғурур бағишлаши билан бирга катта масъулият ҳам юклайди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.