Жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришда жамоатчиликка, энг аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган эътиборли ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 августдаги “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида доимий фаолият юритувчи жамоатчилик тузилма – “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил топганига икки йил тўлиши муносабати билан “Аёл – қадриятлар давомчиси” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мана шундай тадбирларнинг бири Амударё тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан Дўрман овулида ташкил қилинди.

Маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққанларнинг қайд этганидек, аёллар жамиятнинг асосий таянчи ҳисобланади. Уларнинг роли ҳар бир миллатнинг маданий ва маънавий меросини сақлашда муҳимдир. Улар нафақат оила давомчилари сифатида, балки миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодларга етказишда ҳам асосий ўрин эгаллайди.

Қиличбой овулида ўтказилган тадбирда ҳудуддаги маданият маркази, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ҳамда мактаблар ўқувчилари ижросида Ватан, оналик ва болалик туйғулари, тинч ва осойишта юртда бахтиёр яшаш завқи тараннум қилинган қўшиқлар куйланиб, рақслар ижро қилинди. Кўргазмаларда эса ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган қадимий урф-одат ва анъаналар намойиш қилинди.

“Аёл – қадриятлар давомчиси” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар туманнинг бошқа овул ва маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.