Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида ҳам “Маҳалла обод – юрт обод” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Икки кун давом этадиган тадбирдан кўзланган мақсад, энг улуғ, энг азиз байрамимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллигини муносиб кутиб олиш, маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар ва қабристонлар ва бошқа жойларни ободонлаштиришдан иборат.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ташкил этилган штаб аъзоларининг таъкидлашича, хайрия ҳашарининг биринчи куни 517 минг 269 нафар, шундан 189 минг 316 нафар ёш иштирок этди. Улар томонидан 1 минг 772 гектардан ортиқ майдон ободонлаштирилиб, 1 минг 503 тоннадан зиёд чиқинди чиқариб ташланди. Шунингдек, 1 минг 19 километр узунликдаги ариқ ва лоток тозаланди. 303 та қабристон, 24 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди. 126 минг 500 дан зиёд дарахт оқланиб, уларга шакл берилди.
Хайрия ҳашари давомида 744 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг уй-жойлари таъмирланди. 12 минг 355 та кам таъминланган оиланинг томорқа майдонлари тартибга келтирилди. 794 та эҳтиёжманд оила, шу жумладан, ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.