Қадрли ватандошлар, ҳурматли тадбиркорлар, анжуман иштирокчилари!

Ўтган йилги учрашувимизда навбатдаги очиқ мулоқотни Нукус шаҳрида ўтказиш ҳақида келишиб олган эдик. Бугун Ватанимизнинг шимолий дарвозаси бўлган Қорақалпоғистонда сизлар билан дийдор кўришиб турганимдан ғоят хурсандман.

Кеча бу ерда янги-янги корхоналар, таълим ва тиббиёт масканлари, маҳалладаги ўзгаришлар билан танишдим. Бутун мамлакатимизда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларни Қорақалпоғистон мисолида яққол кўриш мумкин.

Бугун қандай таҳликали ва мураккаб замонда яшаётганимизни барчамиз кўриб турибмиз. Шунга қарамасдан, иқтисодиётимиз барқарор ўсиб бораяпти. Буни дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари эътироф этмоқда. Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади.

Ислоҳотларимизнинг биринчи кунлариданоқ сиз ҳурматли тадбиркорлар билан елкама-елка туриб, доим мулоқотда бўлиб биргаликда ишламаганимизда, бундай натижа бўлармиди? Йўқ, албатта.

Шундай юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган сиз азму шижоатли тадбиркорларнинг ҳиссангиз беқиёс эканини халқимиз яхши билади.

Ривожланган давлатларда ўз бизнесини йўлга қўйган, катта-катта натижалари билан юртимиз номини чет элликларга танитаётган кўплаб ватандошларимиз бор. Бугунги учрашувимизда ҳам 40 нафардан зиёд ана шундай ватанпарвар, ишбилармон бизнес вакилларини кўриб хурсанд бўлдим.

Куни кеча илғор бизнес вакилларидан 37 нафарини орден ва медаллар билан, 104 нафарини “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирладик.

Фурсатдан фойдаланиб, Ватанимизнинг мана шундай юксак мукофотларига сазовор бўлган барча тадбиркорларимизни чин дилдан табриклайман!

Барча-барчангизга фидокорона меҳнатингиз учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман!

Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!

Ҳурматли тадбиркорлар!

Бу сафарги очиқ мулоқотимиз йил мобайнида давом этди, десак тўғри бўлади. Президентдан бошлаб Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман – барча-барча раҳбарлар йил бўйи тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлди.

Тасдиқланган режадан ташқари, тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди.

Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 триллион сўм йўналтирилди. Энг муҳими – маҳалладаги микро лойиҳадан тортиб, мега лойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди.

Берилаётган имкониятлар ҳисобига нима ўзгарди? Мана бу рақамларга эътибор беринг.

Илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолар эди.

Ҳозир-чи? Бугунга келиб, уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор.

Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам – ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп бўлди.

Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплексини “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлашга ўргатганимиз натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди.

Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Ушбу корхоналардаги ишчилар сони 1,7 миллионга етди.

Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 мингги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади.

Булар нимадан далолат беради? Тадбиркорларимиз “сояда” ишлашдан кўра, қонуний фаолият, соғлом рақобатни манфаатли, деб билаяпти.

Бошқа бир мисол. Тадбиркорлик рейтингида “А” ва “Б” – яхши тоифага кирувчи корхоналар 91 мингга кўпайди, яна 170 минг корхона “Д” – энг ёмон тоифадан чиқарилди.

Бунинг ҳисобига, солиқ текширувлари ўтган йилга нисбатан 2 карра – 85 мингтадан 48 мингтага, жумладан, камерал текширувлар 3 карра – 38 мингтадан 12 мингтага қисқарди. Шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсди.

Нима учун бу рақамларни айтяпман?

Чунки, “текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди”, деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса, солиқчилар тушуниб етди. Содда қилиб айтганда, мансабдорларни тадбиркор билан “сиз” деб гаплашишга ўргатиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича туб бурилиш ясадик.

Олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди. Бу – инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.

Азиз юртдошлар!

Ҳозир айтилган рақамларнинг бирортаси 33 йиллик тарихимизда бўлмаган. Буларнинг барчаси саккиз йил олдин сизлар билан ўзаро ишонч асосида бошлаган ислоҳотларимизнинг илк нишонаси!

Ҳали имкониятларимиз бундан карра-карра кўп. Энг муҳими, уларни ишга солишга қодир бўлган сизлардек ватанпарвар ва жонкуяр тадбиркорларимиз бор.

Аҳолимиз сони 38 миллионга яқинлашиб бораяпти, уларнинг даромади ҳам кундан-кунга кўпаймоқда. Қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларимиз мисли кўрилмаган даражага чиқди. Мамлакатимиз маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланиб улгурди.

Ҳозирги мураккаб шароитда барча давлатлар ўз юртидаги ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишни устувор йўналиш сифатида кўраяпти. Биз ҳам рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича тадбиркорларимизни янада кенг қўллаб-қувватлаймиз.

Бугун ҳам тадбиркорлик учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббуслар билан ўртоқлашаман.

Биринчи йўналиш – кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш.

Ўтган йили кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун янги тизим жорий қилдик. Бу борада Бизнесни ривожлантириш банки ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил этилиб, йил бошидан 35 мингдан ортиқ тадбиркорларга ўртача 100 миллион сўмдан жами 3,5 триллион сўм микрокредитлар ажратилди.

Бундан ташқари, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича тадбиркорликни энди бошлаётган 115 минг аҳолига 1 триллион сўмлик микроқарзлар берилди.

Ушбу тажриба ўз самарасини кўрсатди ва буни янада кенгайтирамиз.

Биринчидан, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади.

Масалан, 100 миллион сўмгача микрокредит бор-йўғи 9 фоиз тадбиркорларнинг эҳтиёжи учун етарли эканлиги маълум бўлди. Шу боис, микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди. Бу мақсадга бир йилда 10 триллион сўм берилади.

Энди Тадбиркорлик компаниясининг филиали ҳар бир вилоятда ташкил қилинади. Компания ва унинг филиаллари ҳудудларда салоҳияти бор тадбиркорларни аниқлайди. Компания кафилликлари яхши кредит тарихи ва юқори барқарорлик рейтингига эга тадбиркорларга берилади.

Энди тадбиркорларнинг банкдаги 200 миллион сўмгача бўлган маблағлари кафолатланади. Бу – давлат тадбиркорлар ҳисобрақамидаги 7 триллион сўм маблағ билан боғлиқ хавф-хатарларни ўз зиммасига олади, дегани.

Иккинчидан, хабарингиз бор, микромолия бозори учун йўл очиб берилди. Масалан, ўтган етти ойда 91 та микромолия ташкилоти 6,6 триллион сўмлик молиявий хизматлар кўрсатди ва йил якунигача бу рақам 12 триллион сўмга етказилади.

Биз микромолия хизматларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз. Уларга жорий йилдаги 1,6 триллион сўмга қўшимча 1 триллион сўм ресурс ажратилади.

Бундан ташқари, Микрокредитбанк ҳам ўзининг микромолия ташкилотлари орқали йил якунигача яна 1 триллион сўм жалб қилади.

Шу билан бирга, устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилади. Ушбу банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади. Микромолия банклари тадбиркорга 5 миллиард сўмгача кредит беради.

Улар аҳолидан 200 миллион сўмгача омонат жалб қилиши мумкин бўлади. Шунингдек, микромолия ташкилотлари учун қўшимча имкониятлар яратилади. Бу ташкилотлар томонидан тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.

Учинчидан, ҳозир кўп экспортчилар йирик хорижий савдо тармоқларига 3-4 ой кечиктириб тўлаш шарти билан маҳсулот етказиб бераяпти. Узлуксиз ишлаб чиқариш учун корхоналарда айланма маблағга эҳтиёж ошаяпти. Лекин ҳамма тадбиркорда ҳам янги кредит олиш, унинг учун гаров топиш имконияти йўқ.

Бунда тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай восита бу – факторинг.

Экспортчилар ҳозир валютада факторинг олиш учун чет эл банклари хизматидан фойдаланиб келаётганидан хабарим бор.

Халқаро молия корпорацияси маълумотларига кўра, мамлакатимизда 10 миллиард долларлик факторинг хизматига талаб бор. Ҳозир бу хизматни фақат банклар, микромолия ташкилотлари кўрсатаяпти. Шунинг учун ўтган йили атиги 578 миллиард сўмлик факторинг хизмати кўрсатилган.

Ўтган ҳафта факторинг бозорини ривожлантириш бўйича фармон имзоладим. Бундан буён банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилоти учун йўл очилади.

Улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга туширилади. Яъни, тадбиркор ундан ўзига қулай молиявий маҳсулотни танлаш имкониятига эга бўлади.

Умуман, факторингни оммалаштириш ҳисобидан тадбиркорларга айланма учун 20 триллион сўм, экспортчи корхоналарга 1 миллиард доллар қўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлади.

Тўртинчидан, ўтказилган сўровда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган. Ўтган ойда микромолия ташкилотларига исломий шартлар асосида хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Ҳозир янги қонун лойиҳаси тайёр бўлди. Парламентимиз аъзоларидан лойиҳани тез муддатда кўриб чиқишларини сўраймиз. Ундан кейин, ислом молияси билан банклар ҳам ишлаши мумкин бўлади.

Бундай янги молиявий хизматлар тақдим этилиши кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради.

Бешинчидан, 9 та давлат банки берган кредитнинг 92 триллион сўми ёки 30 фоизи 10 та йирик давлат корхонасига тўғри келади.

Биз йирик корхоналарни трансформация қилаяпмиз. Уларни молия бозорларига мустақил чиқиб, ўзи маблағ жалб қилишга ўргатаяпмиз. Масалан, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти 1 миллиард доллардан ортиқ евробондларни чиқарди. Навоий кон-металлургия комбинати ҳам четдан ўзи ана шундай маблағ олиб келишга тайёргарлик кўраяпти.

Энди давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечамиз. Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 триллион сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.

Иккинчи йўналиш – бизнесни инфратузилма, ер ва энергия билан таъминлаш.

Очиқ мулоқот доирасида келиб тушган 11 мингта мурожаатдан 2 мингтаси ер ва инфратузилма билан боғлиқ. Жойларда ўтказилган сўровда ҳам 55 фоиз тадбиркор электр энергияси, газ таъминотида, тармоққа уланишда муаммо борлигини айтган.

Биласизларми, мамлакатимиздаги 44 миллион 800 минг гектар ернинг бозор қиймати ҳисобланса, аҳоли ва тадбиркорларда қанчадан-қанча “иқтисодий актив” пайдо бўлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ва мулкка ёндашувларимиз бутунлай ўзгарди, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Лекин ердан инвестиция сифатида фойдаланиш тизими ҳали орқада. Хусусан, Тошкент шаҳри туманлари ва Бухоро вилоятида бу масала тадбиркорлар, туман ҳокимлари билан кўп муҳокама қилинди. Ҳозир бу масаланинг ечимларини айтиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, ер бозори шаклланиши таъсирида янги инвестиция лойиҳаларида ер сотиб олиш харажатлари кескин ошаяпти. Инфратузилма йўқ жойларда ҳам 1 гектар ернинг бошланғич нархи 500-600 миллион сўм, саноат учун қулай ҳудудларда 4-5 миллиард сўмга чиқиб кетди. Тадбиркор ерга бунча катта харажат қилганидан кейин қурилиш, техника ва ускунага маблағи етмай қолаяпти.

Энди тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда, унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинади.

Айрим ҳудудларда аукционда олинган ер учун тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш (2 йилдан 7 йилгача) тизимини жорий қилган эдик. Эндиликда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4- ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Келгусида тадбиркорлар дарҳол тўлов қиламан деса, бунинг учун 20 фоизгача чегирма берилади. Бундай тартиб бино ва иншоотларни хусусийлаштириш жараёнида қўлланилмоқда.

Шунингдек, йирик лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида ер қийматини тадбиркор устав фондига давлат улуши сифатида киритиш мумкин бўлади. Тадбиркор истаган пайтда бу улушни ўзи сотиб олиши мумкин. Бу орқали шу йилнинг ўзида тадбиркорлар ихтиёрида 3 триллион сўм қолади.

Иккинчидан, қанча-қанча тадбиркорлар ери йўқлиги учун янги лойиҳаларни амалга ошира олмаяпти. Аксинча, “аукциондан сотиб олдим, энди менинг мулким” деб, ерни қаровсиз ташлаб қўйган “уддабуронлар” ҳам кўп.

Ер – энг чекланган ресурсимиз ва у доим иқтисодий наф келтириши керак. Шу боис, янги ерларни ажратишда биноларни лойиҳалашдан объектни топширишгача бўлган муддатлар мажбурий кўрсатилади.

Бунда қурилиш даврида ер солиғи бўйича 50 фоиз имтиёз берилади (вилоят марказларидан ташқари), қурилишга рухсат олиш муддати давлат органи айби билан ўтказиб юборилса, қурилиш вақти шу муддатга узайтириб берилади. Қурилиш ишлари муддатида бўлмаса, ер суд орқали қайтариб олинади ёки бошқа тадбиркорга сотилади.

Учинчидан, қишлоқ ва ноқишлоқ жойларда ер фонди доирасида бир фаолиятдан бошқасига ўзгартириш тартиби аниқ белгиланмаган. Масалан, боғ ўрнида иссиқхона ташкил қиламан деган тадбиркор ишни нимадан бошлашни, кимга мурожаат қилишни билмайди. Ёки тадбиркор ўзининг боғида томчилатиб суғориш учун ҳовуз, кичик сиғимли саралаш ва сақлаш омборини қура олмайди.

Шу боис, ҳар бир ер участкаси учун асосий фаолият турини қайсиларига алмаштириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштира олиши аниқ белгилаб берилади.

Бунинг учун 1 январдан ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилади.

Мана шу янгилик ҳисобидан тадбиркорлар бир йилда ўз ерига 800 миллиард сўмлик инвестиция киритади.

Булардан ташқари, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, пиллачилик соҳалари, мева-сабзавотни қайта ишловчиларга улар жойлашган бино-иншоотлар остидаги ерлар учун саноат тоифаси ставкасида ер солиғи ҳисобланаяпти. Қишлоқ хўжалиги ерлари учун гектарига ўртача 500 минг сўм, саноат ерлари учун ҳудудига қараб 27 миллион сўмдан 44 миллион сўмгача солиқ ҳисобланмоқда. Классификаторни жорий қилиш орқали улар ҳам қишлоқ хўжалиги ерлари каби солиқ тўлашга ўтади.

Бу орқали нафақат мурожаат қилган 795 та тадбиркорнинг, балки барча 103 минг қишлоқ хўжалиги корхоналарининг масаласи ҳал бўлади.

Тўртинчидан, барча саноат корхоналари электр ва газ бўйича ўрнатилган лимит ошиб кетса, тўлов 2 карра кўп ундирилаётганидан норози бўлаяпти.

Саноатимизнинг ўсишига таъсир қиладиган бундай чекловлар қисқартирилади. Энди электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам, базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов 20 фоиз қимматлашади.

Тадбиркорлик рейтингида “юқори”, “ўрта” тоифадаги корхоналарга электр учун олдиндан тўловни бир ойда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Бюджетдан, кредит тўловидан ва бошқа хизматлар бўйича қарзи бор тадбиркорларнинг ҳисобрақамига “инкассо” қўйилгани учун улар электр, газ ва сув учун тўлов қила олмаяпти. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш тўхтамаса, қарздорлик тезроқ узилади.

Энди “инкассо” қўйилган тақдирда ҳам коммунал хизматлар учун тўловлар тўхтатилмайди.

Учинчи йўналиш – ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш.

Жорий йилнинг етти ойида экспортимиз 13 фоизга ўсиб, 10 миллиард доллардан ошди, аввал экспорт қилмаган 1 минг 610 та корхона ташқи бозорларга чиқди. Бундай корхоналар сони 6 мингдан ошди.

Биз маҳаллий корхоналарни ташқи бозорга чиқишини қўллаб-қувватлашни изчил давом эттирамиз.

Биринчидан, Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда аъзо бўлиш учун катта қадамларни қўйяпмиз. Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми.

Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди.

Бир нарсани тушуниш зарур, бу борада импорт божлари ишлайди. Шунинг учун ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказаяпмиз. Ҳозиргача Япония, Корея Республикаси, Туркия, Бразилия каби 17 та аъзо давлатлар билан келишувга эришилган.

Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки халқаро ишлаб чиқариш занжирларига қўшилмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди.

Биргина мисол, ён қўшниларимизнинг йиллик импорти 90 миллиард доллар. Улардаги улушимиз эса атиги 4 фоиз ёки 3,5 миллиард долларни ташкил қилади.

Яна бир мисол, МДҲ доирасида эркин савдо режимини ўрнатганмиз, Ҳамдўстликка кирмаган давлатлар эса 10 фоиздан 20 фоизгача божхона божи тўлайди. Лекин МДҲдаги 500 миллиард долларлик импортда бизнинг ҳиссамиз 2 фоизга ҳам бормайди.

Демак, рақобат борасида биз ҳали анча ишлашимиз зарур.

Бу борада катта ислоҳот бошлаб, икки ой олдин алоҳида фармонни имзоладим. Металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникация тармоғида эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди. Мисол учун, энди барча тенг шароитда қора ва рангли металл ломини сотиб олиш имкониятига эга бўлади.

Корпоратив харидларда ишлаб чиқариш учун олинадиган маҳсулотларга ҳам нарх устуворлиги бекор қилинади, бунда албатта маҳсулот таннархи пасаяди.

Бундан буён ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди, хоҳ давлатнинг стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлайди.

Бундан ташқари, ташкилотга аъзолик халқаро транзит юк ташишда ортиқча тўлов ёки чекловлардан халос қилади. Албатта, бу – рақобатдош бўлишимизга яна бир туртки беради.

Умуман, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, ташқи бозорларда муносиб ўрин топиш учун халқаро стандартларга ўтиш керак. Оддий мисол, пестицидлар назоратини йўлга қўймас эканмиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 2030 йилгача 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгилаган маррамизга эриша олмаймиз.

Етиштираётган маҳсулотларимиз, бу йилги пиёз ва тарвузга ўхшаб, бозорини тополмасдан нобуд бўлаверади.

Шу боис, бу йил озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича қонунни қабул қиламиз. Бу орқали карантин, ветеринария, санитария назорати ва стандарт ташкилотларининг такрорловчи ваколатлари қисқаради, тадбиркорларни қайта-қайта текширишга чек қўйилади.

Тариф ва нотариф чораларни жаҳон савдоси талаблари асосида тартибга солиш бўйича Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев бошчилигидаги идоралараро комиссияга вақтинчалик ваколат берилади. Бунда тадбиркорлар номидан Савдо-саноат палатаси аниқ масала қўядиган тизим яратилади.

Иккинчидан, ўтган йилги учрашувимиздан кейин 309 та корхонага 280 миллион доллар экспортолди кредитлари ажратилди. Ушбу корхоналар ҳозиргача 625 миллион долларлик экспорт қилди. Бу рақамни йил якунигача яна икки карра ошириш бўйича ҳисоб-китоб қилинган.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида яна 122 та экспортчини 145 миллион долларлик айланма маблағга эҳтиёжи борлиги аниқланди. Шу боис, тармоқларни ривожлантириш учун ажратилган маблағдан 200 миллион доллари экспортолди молиялаш учун йўналтирилади. Шундан 50 миллион доллари банк кредитлари учун кафилликка берилади.

Бу маблағлар ҳисобидан бир йил ичида қўшимча 1 миллиард долларлик экспорт амалга оширилади.

Учинчидан, ҳозирги геосиёсий жараёнда Европага анъанавий транспорт маршрутлари бўйича юк ташиш чекланди. Транзит давлатлар ўз ташувчисини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга берилаётган рухсатномалар сонини 3 баробаргача камайтирди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, транспорт корхоналарида 28 та давлат бўйича 20 мингдан ортиқ рухсатномалар ишлатилмасдан турибди. Транспорт вазири И.Маҳкамовга бир ой муддатда рухсатномалардан фойдаланиш бўйича очиқ-ошкора тизимни яратиш топширилади.

Бунда “Е-логистика” платформаси ишга туширилиб, экспортчилар учун қайси корхонада қанча рухсатнома борлигини кўриш, тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкони яратилади.

Тўртинчидан, импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш учун замонавий технологиялар зарур.

Бундай асбоб-ускуналарга буюртма бериб, олиб келишга кўп вақт кетиши табиий. Лекин, амалдаги тартиб бўйича шартнома муддатидан қатъи назар сотиб олинган ускуна 180 кунда етиб келмаса, муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келади.

Тўғри, бундай ҳолатларда жарима қўллаш амалиётини бекор қилганмиз. Лекин тадбиркорлар ускуна келмагунча бошқа импорт шартномаларига тўловни амалга ошира олмайди, олдиндан тўловсиз экспорт қилиши мумкин эмас, давлат томонидан белгиланган имтиёз ва субсидиялардан фойдаланиши чекланган. Ҳозирда 2 мингдан зиёд корхонада шундай муаммо бор.

Ж.Ходжаев, Ж.Қўчқоров, М.Нурмуратов шуни эътиборга олсинки, энди четдан ускуна ва бутловчи қисм олиб келиш жараёнида шартнома муддати бузилмаса муддати ўтган қарздорлик юзага келмайди.

Кўп тадбиркорлар экспорт бўйича қўшимча қиймат солиғини қайтаришда ортиқча тўсиқ борлигини айтаяпти. Солиқ ва божхона хизматларининг ахборот тизимлари бир-бирига уланган бўлса-да, экспортни тасдиқлайдиган ҳужжат талаб этилаяпти.

Бундан буён божхона органининг экспортни тасдиқловчи электрон маълумоти қўшимча қиймат солиғини қайтариш учун асос бўлади, бошқа ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди.

Ж.Қўчқоров, Ш.Қудбиев, А.Мавлонов бир ой муддатда ушбу тизим тўлиқ ишга туширилиши учун шахсан масъул бўлади.

Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ускуналари ва бутловчи қисмлари олиб келинганда сертификат олиш учун уч ой вақт кетаяпти. Сабаби, ҳудудларда синовларни тўлиқ қамраб оладиган лабораториялар йўқ. Ҳамма пойтахтга келишга мажбур.

Наманганлик ишлаб чиқарувчилар бу борада тўғри масалани кўтараяпти.

Бош вазир А.Арипов бу масалани шахсан ўзи назоратга олиб, йил якунига қадар Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида синов лабораториялари ташкил этилишини таъминлайди.

Яна бир масала – ҳозир тадбиркорлар электрон ҳисоб-фактура ва товар-транспорт юк хатини алоҳида 2 та ҳужжат сифатида расмийлаштираяпти. Тадбиркор юк хатига 49 та маълумотни мажбурий киритиши керак.

Ҳамма соҳага рақамлаштириш кириб келган бир пайтда бундай амалиётнинг нима кераги бор?

Энди, бу ҳужжатлар ягона шаклга келтирилади ва фақат 4 та маълумот киритишнинг ўзи етарли бўлади.

Бешинчидан, экспортни кескин ошириш учун янги бозорларга кўпроқ кириб боришимиз керак. Сўровларда 30-40 фоиз корхоналаримиз қайси маҳсулотга ташқи бозорда талаб юқори, қандай стандарт керак, деган саволларга жавоб топишга қийналишини айтган.

Ташқи бозорда маҳсулотларимиз тури кўпайишига, экспортчи корхоналаримиз янги бозорларга кириб боришига хизмат қиладиган тизим ташкил этилади. Бу борада чет элда бизнес қилиб, катта тажриба орттирган ватандошларимиз билан экспортчи корхоналаримизни боғласак, ўйлайманки, бу ҳам катта самара беради.

Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев, Савдо-саноат палатаси бундай ватандошларимиз билан яқиндан ишлаб, уларни ўзларига савдо ва инвестиция бўйича маслаҳатчи сифатида жалб этади.

Ташқи ишлар вазири Б.Саидов ҳам ҳар ойда ана шундай юртдошларимиз билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф, ташаббус ва лойиҳаларига кўмаклашади.

Бу йўналишда бир йилдан кейин сарҳисоб қиламиз. Натижага қараб, бу борада энг фаол бўлган ватандошларимизни мукофотлаймиз.

Олтинчидан, йилига 250 триллион сўмликдан зиёд давлат харидлари амалга оширилмоқда. Шу боис, давлат харидларига “маҳаллий контент” талабларини жорий қилиш вақти келди. Ҳозир 70 минг маҳаллий ишлаб чиқарувчидан 4 мингтаси (6 фоизи) кооперация порталида рўйхатдан ўтган холос.

Келгуси йилги давлат инвестиция дастуридаги ҳар бир лойиҳа бўйича маҳаллий маҳсулотлар улуши қанча бўлиши аниқ белгиланади. Давлат харидида энди маҳаллий маҳсулот улушини ошириш рағбатлантирилади. Жумладан, энергетика, нефть-газ, кимё, металлургия, темир йўл каби тармоқлардаги йирик корхоналар 2-3 йиллик буюртмаларини кооперация порталига олдиндан жойлаштиради.

Маҳаллий корхоналар эса ушбу буюртмалар асосида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Уларнинг лойиҳаларига дастлабки босқичда 100 миллион доллар йўналтирилади.

Еттинчидан, сўнгги йилларда энергетика соҳасини ислоҳ қилиб, хусусий секторга кенг йўл очиб бердик. Бу орқали 3,5 миллиард долларлик хусусий шериклик лойиҳалари ишга туширилди ва яна 31,5 миллиард долларлик 50 та лойиҳа бўйича ишлар жадал давом этаяпти.

Ҳудудий электр тармоқларининг бошқарувини ҳам хусусий секторга бериш бўйича бир йил тайёргарлик кўрдик.

Энди, мана шу жараёнларда ҳам амалий босқичга ўтамиз. Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларига хусусий оператор жалб қилиш бўйича тендер эълон қилинади. Тендерда ғолиб бўлган инвестор 900 минг истеъмолчига хизмат кўрсатиш билан бирга, эскирган тармоқ ва подстанцияларни янгилаб, йўқотишларни камайтириш ҳисобига даромад олади. Бунда, аҳоли ва тадбиркорлар учун белгиланган тарифлар ўзгармайди.

Келгуси йил Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳам худди шундай ишлар амалга оширилади.

Саккизинчидан, ер ости бойликларини ўзлаштиришга тадбиркорларни кенг жалб этиб, ишлаб чиқаришни кўпайтиришимиз керак.

Шу йилнинг ўзидаёқ, 150 тадан ортиқ кон ва майдонлар тадбиркорларга сотилди. Йил якунигача яна 300 та кон ва майдонлар тадбиркорларга таклиф қилинади. Қурилишда қум-шағалга эҳтиёжни қоплаш мақсадида 110 миллион куб метр захирага эга 172 та кон ҳам тадбиркорлик учун ажратилади.

Тўртинчи йўналиш – хизматлар соҳасига янги туртки бериш.

Ўзбекистонда банд аҳолининг 52 фоизи хизматлар соҳасида ишлаяпти. Ишлаб турган корхоналарнинг 68 фоизи (264 мингтаси) ҳам хизматлар соҳасига тўғри келади. Лекин соҳада банд бўлганларнинг атиги 4 фоизи юқори қўшилган қиймат берадиган йўналишда фаолият юритаяпти.

Шу боис, хизматларда, аввало, IT соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Етти йил олдин деярли йўқ жойдан бошланган бу соҳа бугун 1 миллиард долларлик экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлди.

Аҳоли ва тадбиркорлар учун электрон тўлов қилиш осонлашганини кўриб турибсиз. Бу ишларни изчил давом эттириб, ҳар бир ҳудудда экспортга йўналтирилган IT парклар ташкил қилинди.

Энди барча соҳада сунъий интеллект технологиялари кенг жорий қилинади. Масалан, сунъий интеллект орқали дрондан фойдаланиб, қурилишда харажатларни 20 фоизга тежаш мумкин. Қишлоқ хўжалигида эса сунъий интеллект орқали ҳосилдорлик 10-15 фоизга, ўғит ва ёқилғи самарадорлиги 40 фоизга ошади.

Бу йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилади. IT паркда сунъий интеллект маркази очилади. Лойиҳаларни молиялаштириш учун 50 миллион доллар ажратилади.

Иккинчидан, тадбиркорликнинг дастлабки босқичида – стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш экотизими яратилади. Бу тизим  биз учун янги тажриба бўлаяпти. Жорий йил стартапларга илк бор 134 миллион доллар инвестиция кириб келди.

Бу соҳада фаолиятини “нолдан” бошлаб, айланмасини 10 миллион доллардан оширган 50 дан зиёд маҳаллий компания пайдо бўлди.

Бундай лойиҳаларни кўпайтиришимиз керак. Шу боис, стартапларни “оёққа турғазиш” учун венчур жамғармалар фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг учун IT парк ҳам 10 миллион долларлик жамғарма ташкил қилади.

Шунингдек, стартапнинг хориждан олиб келган ҳар 1 доллар инвестициясига давлат ҳам 1 доллар ресурс беради. Стартап ишланмаларини патентлаш ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш каби харажатларни давлат қоплаб беради.

Умуман, бу соҳага 50 миллион доллар йўналтириб, ўқитиш тизимини ташкил қиламиз, хорижий мутахассисларни ҳам олиб келамиз.

Учинчидан, маҳаллийлаштиришда фақат товарлар эмас, хизматлар бўйича ҳам катта имкониятлар бор. Масалан, энергетика соҳасида 36 миллиард долларлик 27 гигаватт электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаяпти.

Бу каби объектлардаги юқори технологик ускуналарни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш бўйича малакали хизматларга талаб йилдан-йилга ортаяпти. Бундай хизматлар импорти бу йил 2 баробар ошиб, 100 миллион долларга етади. Кимё, металлургия корхоналари, насос станциялари ва ГЭСлар, тўқимачилик ва тиббиётда ҳам бундай хизматларга талаб катта.

Шу боис, бир йил ичида 3 минг маҳаллий мутахассисни Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Туркиядаги ишлаб чиқарувчи компанияларга малака оширишга юборамиз. Уларнинг харажатларини давлат қоплаб беради.

Ж.Қўчқоров икки ой муддатда йирик корхоналарга сервис кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш дастурини ишлаб чиқади.

Тўртинчидан, умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари хизмат кўрсатиш соҳасида улуши энг катта йўналишдир.

Уларни қийнаётган энг катта муаммо – қўшимча қиймат солиғи ва ишчилар ҳисобини юритиш эканидан хабарим бор.

Шу боис, келгуси йилнинг 1 январидан умумий овқатланиш корхоналарига қўшимча қиймат солиғининг бир қисми тадбиркорга “кэшбек” сифатида қайтариб берилади. Бунда ойлик айланмасининг 60 фоизини нақд пулсиз амалга оширган корхоналарга қўшимча қиймат солиғининг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. Агар нақд пулсиз айланма 60 фоиздан кам бўлса, “кэшбек” 20 фоиз бўлади. Қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтган ресторан ва кафелар учун фойда солиғи 2 карра камаяди.

Бундан ташқари, 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Уларга баҳор ва ёз мавсумида ўз биноларига туташ майдонларда стол-стул ва соябон қўйиб ишлашга рухсат берилади.

Ресторан ва кафелар ишчилар билан қисқа муддатли, соддалаштирилган (кунбай, ишбай) меҳнат шартномасини тузиб, ишлаши мумкин бўлади. Худди шу каби 1 октябрдан меҳмонхона ва туроператорларга ҳам тўланган қўшимча қиймат солиғининг 20 фоизи “кэшбек” қилиб берилади.

Бешинчидан, сўнгги икки йилда бозорга киришдаги 13 та эксклюзив ҳуқуқни бекор қилган эдик. Яқинда яна 7 таси (туризм, қурилиш, шаҳарсозлик, экспертиза, алоқа соҳаси) бекор бўлади.

Бу орқали 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорлар учун бозорга кириш имконияти яратилади. Мисол учун, меҳмонхона фаолиятини сертификатлаш билан аккредитацияси бор барча корхоналар шуғулланиши мумкин бўлади. Ҳозир бу хизмат бўйича эксклюзив ҳуқуқ Туризм қўмитаси ҳузуридаги ташкилотга берилган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “Шаффоф қурилиш” тизими орқали тендер савдолари учун ҳужжатларни фақат вазирлик қошидаги консалтинг марказлари тайёрлаб бераяпти.

Энди 1 октябрдан худди Тадбиркорлик рейтинги каби “Шаффоф қурилиш” тизимини тадбиркорларнинг ўзи юритади. Консалтинг марказлари функциялари тўлиқ хусусий секторга ўтказилади.

Тадбиркорлар таклиф берса, давлат идоралари кўрсатаётган бошқа хизматларни ҳам хусусий секторга беришга тайёрмиз.

Бешинчи йўналиш – бизнес учун тўсиқ ва ғовларни янада қисқартириш.

Биз сўнгги йилларда тадбиркорлик йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича катта ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин тадбиркорларимиз ҳалигача айрим муаммолар сақланиб қолаётганини билдирган.

Биринчидан, тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга асос бўладиган қонун бузилиш ҳолатлари даражаси белгиланмаган. Оқибатда арзимаган камчиликлар билан ҳам тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳолатлари кузатиляпти.

Шу боис, 1 ноябрга қадар аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилади. Огоҳлантириб айтаман, реестрда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилади.

Иккинчидан, тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортиш янада либераллашади.

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, деган жиноят тури бор. Бунда тадбиркорнинг тўламаган солиғи 100 миллион сўмдан (базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари) ошса, жиноятчи бўлиб қолмоқдаЛекин тадбиркорларга имкон берилса, бу суммани бемалол тўлай олади, бунинг учун уларни ойлаб тергов қилиш шарт эмас.

Шу боис, солиқ тўламаганлик учун тадбиркорга жиноят иши қўзғатишга асос бўладиган миқдорни 2 бараваргача оширишни таклиф қиламан. Ўйлайманки, тадбиркорларимиз ушбу берилаётган енгилликни, билдирилаётган ишончни суиистеъмол қилмайдилар.

Учинчидан, кредит олди-бердисида банк ҳам, тадбиркор ҳам таваккал қилади. Лекин амалиётда банкнинг ҳуқуқ ва ваколатлари тадбиркорга нисбатан анча кўпроқ. Масалан, кредит вақтида қайтарилмаса, гаровга қўйилган мулкни банк шартнома тузилган пайтдаги қийматида сотувга чиқаради.

Ўзингиз ўйланг, 3-4 йил олдин кредит олинганда 100 миллион сўмга баҳоланган мулкни бугунги нархи 30-40 фоиз қимматлашса, уни қандай қилиб, эски қийматида сотиш мумкин?

Ўтган 6 ойда банклар 1,3 триллион сўмга баҳоланган мингдан зиёд гаровдаги мол-мулкларни аукционга чиқарган.

Ёки кредитнинг катта қисмини қайтарган тадбиркор у ёки бу муаммога дуч келиб, қолган қарзини тўлай олмай қолса ҳам гаровга олинган мулк тўлиқ савдога чиқариб юборилаяпти. Ўтган йили жами қарздорлик суммаси 1,5 миллиард сўм бўлган 22 та ҳолатда ундирув 35 миллиард сўмлик гаровдаги мулкка қаратилган.

Айтмасангиз ҳам кўзингиздан кўриб турибман, бу кўпчилик тадбиркорларни узоқ йиллар қийнаб келаётган муаммо.

Тўғри, муаммоли кредитлар билан жиддий шуғулланиш керак. Лекин бу тадбиркорни “тугатиш” ҳисобидан бўлмаслиги зарур.

Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон, Юнусобод туманлари мисолида банклар “мижозбай” ишлаб, қийинчиликка учраган тадбиркорларга кўмак бериш бўйича етарли тажриба орттирди. Буни давом эттириб, банкларни ўз мижози билан ишлаш тизимини янада яхшилаймиз.

Энди гаровдаги мулкни савдога чиқаришдан олдин, унинг ҳозирги бозор қиймати аниқланади, қайтмаган қарздорлик гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса, ундирув мулкка қаратилмайди. Банк мижозига қарзни бошқа манба ҳисобидан қоплашга имкон беради.

Ушбу ташаббусларни тез кунларда қонун билан мустаҳкамлаб қўямиз. Ўйлайманки, бу таклифлар сизларга маъқул.

Тўртинчидан, “снослар” бўйича компенсация тўлашда ҳалигача муаммолар бор. Ҳозирда ушбу харажатлар вилоят бюджети ҳисобидан қопланаяпти. Лекин айрим вилоятлар бюджетида маблағ кам қолаётгани учун тадбиркорнинг пулини қоплаб бериш 5-6 йилга чўзилиб кетаяпти.

Юқорида ерни аукционга чиқариш бўйича янги ташаббуслар ҳақида айтдим. Энди ерни сотишдан тушган маблағлар, аввало, “снос” бўйича тадбиркорлардан қарзни сўндиришга қаратилади.

Азиз юртдошлар,

Жаҳондаги вазиятни кўриб турибсиз. Анъанавий бозорларни сақлаб қолиш, янгиларига кириб бориш, бунинг учун логистика маршрутларини диверсификация қилиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Нима учун бу йилги очиқ мулоқотни айнан Қорақалпоғистонда ўтказяпмиз? Чунки Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб, бизнес қилишнинг бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор.

Биринчиси – Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёзлар пакети жорий этилган.

Иккинчиси – Қорақалпоғистонда ер ажратишнинг содда тизими жорий этилган.

Учинчиси – катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудудимиз, бу – Қорақалпоғистон.

Бугунги очиқ мулоқотимиз Жўқорғи Кенгес раиси А.Оринбоев, Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрмонов, шаҳар ва туман ҳокимлари учун янги-янги лойиҳаларни бошлаш учун катта имконият.

Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар келган меҳмонларни бир-икки кун олиб қолиб, бу ердаги шароитларни кўрсатса, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биргаликда таклифлар ишлаб чиқса, барчасини қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Очиқ мулоқотимиз якуни бўйича ўн кун муддатда “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини қабул қиламиз.

Ўйлайманки, бу дастурда нафақат марказий студияда ўтирган 300 га яқин тадбиркорларимиз, балки ҳудудлардаги студиялардан қатнашаётган минглаб бизнес вакиллари ҳам фаол иштирок этади.

Бунинг учун биз Қорақалпоғистонга яна қўшимча шароитлар яратиб берамиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Мана, ҳамма масалаларни очиқ гаплашиб, ечимларини ҳам келишиб олдик.

Бугун мен сўзга чиққан тадбиркор ва ишбилармонларнинг фикрларини эшитиб, ниҳоятда хурсанд бўлдим.

Сизларнинг “Жаноб Президент, шунча шароит яратиб беряпсиз, биз ҳам янги-янги иш ўринлари яратиб, одамларни даромадли қилишга, камбағалликни қисқартиришга қаттиқ бел боғлаймиз” деган гапларингиз мени қувонтирди.

Бунинг учун барчангизга чин қалбимдан раҳмат айтаман.

Сизларнинг шарофатингиз билан минглаб одамлар ишли, даромадли бўлади, оила қуриш, уй-жойли бўлиш, болаларини тарбиялаш, ўқитиш имконига эга бўлади. Иши, даромади бор одам эса ҳеч қачон ёмон йўлга кирмайди, бузғунчи ишларга қўл урмайди.

Шу маънода, тадбиркорлар қатори уларнинг ишчилари ҳам юртимиздаги тинчлик-осойишталик, барқарорликдан энг кўп манфаатдор бўлади. Ватан тинчлиги, мамлакат тараққиётини жон-дили билан ҳимоя қилишга тайёр туради.

Шу маънода, сизлар тинч, эркин ва фаровон ҳаётимиз гаровисизлар, десак, ўйлайманки, муболаға бўлмайди. “Тадбиркор – элга мададкор” деган нақлда чуқур маъно бор. Лекин шундай катта масъулиятни зиммасига олган тадбиркорнинг ўзига ким мададкор?

Агар қайси ҳоким ўзи ҳудудини гуллаб-яшнаб, тараққий топишини истаса, аввало, тадбиркор ва яна бир бор тадбиркорга чинакам мададкор бўлиши керак.

Шу муносабат билан, илгари айтган сўзимни яна бир бор такрорлашни зарур, деб биламан.

Ҳурматли тадбиркор ва ишбилармонлар, ҳеч нарсадан чўчиманг. Билинг, ортингизда Президент турибди!

Бугун сизлар билан муҳокама қилган барча масалалар бўйича бир ҳафта ичида катта фармон қабул қилинади.

Парламентимиз раҳбарларидан кўтарилган масалалар бўйича қонун лойиҳалари киришини кутиб ўтирмасдан, депутатлардан иборат гуруҳлар тузиб, ҳужжатларни ишлаб чиқишга тезроқ киришишларини сўраймиз.

Бош вазирга ҳам ҳукумат қарорларини тезроқ қабул қилиш топширилади.

Бу ишларнинг амалдаги ижроси устидан қаттиқ назорат тизими бўлади.

Савдо-саноат палатаси (Ваҳобов), Бизнес омбудсман (Қосимов) фаолияти йўлга қўйилган мулоқот платформасида ҳар ҳафта битта соҳадаги муаммоларни тадбиркорлар билан муҳокама қилади.

Бунда масъул ҳукумат аъзолари ва вилоят ҳокимлари ҳам қатнашиши шарт. Кўтарилган масалалар ечимларини Бош вазир А.Арипов ҳар ўн беш кунда кўриб чиқади, катта лойиҳаларни амалга ошираман, деган тадбиркорларни шахсан ўзи қабул қилади ва ҳукуматдан унга ёрдам берадиган раҳбарни бириктиради.

Ўзим ҳам ҳар ой биттадан соҳа вакиллари ва йирик инвесторлар билан бевосита учрашаман.

Сўзимнинг охирида ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омадлар тилаб қоламан.