Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида шахмат бўйича давом этаётган «Abu Dhabi Chess Festival 2024» турнирининг «Masters» гуруҳининг ортда қолган 4-тур ўйинларидан сўнг 14 нафар шахматчи 3,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Улар орасида истеъдодли шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоев 2-ўринда бораётган бўлса, Жавоҳир Синдоров 10-ўринни банд этган. Кеча ўтказилган 4-тур ўйинларида Нодирбек Ёқуббоев FIDE байроғи остида ҳаракатланаётган Володар Мурзин билан муроса йўлини танлади. Жавоҳир Синдоров ушбу турда ҳиндистонлик Шрихарини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Бугун, 20 август куни мусобақанинг 5-турида Нодирбек Ёқуббоев ҳиндистонлик Бхаратх Субраманиям билан, Жавоҳир Синдоров ҳам яна бир ҳинд шахматчиси Пранав билан рўбарў келади.
Ушбу турда Жавоҳир ҳам, Нодирбек ҳам қора доналарда ҳаракатланади. Мукофот жамғармаси 63 минг 600 АҚШ долларини ташкил этган турнирда умумий ҳисобда 217 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Терма жамоамиз аъзоларидан Абдумалик Абдусалимов 25, Ортиқ Неъматов 28, Шамсиддин Воҳидов 36, Баҳром Баҳриллаев 46-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 25 августга қадар давом этадиган халқаро турнирда мамлакатимизнинг 11 нафар маҳоратли ёш шахматчилари дона сурмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА