2024 йил 16 август куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенаторлар томонидан дастлаб “Халқаро меҳнат ташкилотининг Тўлиқсиз иш вақти шароитларида ишлаш тўғрисидаги 175-сонли Конвенциясини (Женева, 1994 йил 24 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Ушбу Конвенция жаҳоннинг 20 та давлати томонидан ратификация қилинган. Конвенциянинг мақсади тўлиқсиз иш вақти шароитида ишловчи ишчиларнинг меҳнат шароитларини, уларни меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминот соҳасидаги камситишдан ҳимоя қилишни таъминлашдир.
Конвенция қоидалари тўлиқсиз иш вақти шароитида ишлайдиган барча шахсларга нисбатан қўлланилади.
Муҳокама давомида тўлиқсиз иш вақтида ишлайдиганлар тўлиқ иш вақтида ишлайдиганлар билан бир хил ҳақ-ҳуқуқ ҳамда ижтимоий ҳимояга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Сенаторлар Конвенция нормалари Ўзбекистон қонунчилигига, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос келишини қайд этди.
Муҳокама чоғида Конвенциянинг ратификация қилиниши тўлиқсиз иш вақти шароитида ишловчи меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча кафолатлар яратишга имкон бериши, меҳнатни муҳофаза қилиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга салмоқли туртки бериши таъкидланди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, Конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришга ва халқаро стандартларни самарали жорий этишни таъминлашга хизмат қилади, шунингдек, Ўзбекистоннинг ходимлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича асосий халқаро принциплар ва стандартларга содиқлигини кўрсатади.
Муҳокама якунлари бўйича қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази Уставига (Рим, 2013 йил 29 ноябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг қароргоҳи Римда жойлашган. Ҳозирги вақтда 140 га яқин мамлакат ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлган.
Таъкидланганидек, Халқаро тадқиқот маркази таълим, ахборот тарқатиш, тадқиқотлар ва ҳамкорлик, жамоатчилик кампаниялари орқали жаҳон маданий меросини асраб-авайлашга ихтисослашган халқаро ташкилотдир.
Халқаро тадқиқот маркази ЮНЕСКОнинг маслаҳат органи бўлиб, ўз мандати доирасида жаҳон маданий мероси объектларида амалга оширишга мўлжалланган лойиҳаларни кўриб чиқишда тегишли хулосалар ва тавсиялар тайёрлашга ёрдам беради.
Сенаторлар қайд этганидек, Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази Уставига Ўзбекистоннинг қўшилиши хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш орқали тарихий обидаларни реставрация қилиш бўйича янги миллий мактабни шакллантириш, шунингдек, мамлакатимизда тарихий ёдгорликлар ва меъморий иншоотларни реставрация ҳамда консервация қилиш имкониятларини кенгайтириш имконини беради.
Қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, навбатдаги ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун барчанинг диққат марказида бўлди.
Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, кейинги йилларда вояга етмаган болаларни қонунга хилоф диний таълим олишга айнан ота-оналарнинг ўзи олиб бориши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра 2021-2023 йиллар мобайнида ноқонуний диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ 2 457 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Уларнинг 1 479 таси “ҳужра” шароитида ташкил этилган бўлиб, уларда таҳсил олаётганларнинг 60 фоизини вояга етмаганлар ташкил этган.
Боланинг қонунга хилоф диний фаолият билан шуғулланувчи ҳеч қандай рўйхатдан ўтмаган, норасмий марказлар ва шахслардан диний таълим олиши натижасида уларнинг диний экстремистик ғояларининг қурбонига айланиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Сўнгги 3 йилда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган вояга етмаган шахслар сони 4 бараварга ошган.
Қолаверса, бундай ноқонуний таълим жараёнида болаларга нисбатан турли оғир жиноятлар содир этилмоқда. Боланинг эркин ҳаракатланишини чеклаш ҳамда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган бино ва хоналарда сақлаш, унга жисмоний азоб бериш ёки руҳий босим ўтказиш ҳолатларини, ҳатто жинсий зўравонлик қурбони бўлаётганлигини бунга яққол мисоллар сифатида келтириб ўтиш мумкин.
Мамлакатимизда диний таълим масаласи амалдаги қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ва ундан олдинги қонунларда диний профессионал таълимнинг ҳуқуқий асослари қатъий белгиланган. Хусусий тартибда диний таълим билан шуғулланиш қонунга хилоф ҳисобланади.
Муҳокама этилаётган қонун юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ота-оналар ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болаларни ўқитиш, таълим ва тарбия беришга доир мажбуриятларини бажариш борасидаги масъулиятини кучайтириш, шунингдек, болаларнинг билим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур қонун билан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилишга йўл қўймаслик, шунингдек, ушбу қонунчилик талабига риоя этмаганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шу билан бирга қонунда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўз болаларини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқи аниқ баён қилинмоқда. Мазкур норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида белгиланган қоидалар асосида киритиляпти.
Қонунда мазкур жараёнларда ота-онанинг масъулияти ва жавобгарлиги янада кучайтирилмоқда. Чунки ёш бола ўзи ноқонуний ҳужрага бориб қолмайди ва айнан мана шу жиҳат қонунда тартибга солинган.
Қонуннинг қабул қилиниши болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга, уларнинг комил инсон бўлиб етишишига, турли оғир жиноятлар ва диний экстремистик ғоялар қурбонига айланишининг олдини олишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг эллик бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги масаласи ҳам муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, сўнгги 4 йилда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳаларига оид халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Улар орасида 2020 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги ПФ-6003-сонли фармони юртимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлди.
Ўтган давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида бир қатор халқаро рейтингларда ижобий кўрсаткичларга эришилди.
Хусусан, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳитининг яратилиши натижасида Иқтисодий эркинлик индексида мамлакатимиз ўрни 5 поғонага кўтарилиб, 178 та мамлакат орасида 109-ўринни эгаллади. Сўнгги 7 йилда эса Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини 57 поғонага яхшилади.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда олиб борилган инновацион ва технологик ривожланиш Ўзбекистоннинг Глобал инновациялар индексидаги кўрсаткичларининг яхшиланишига олиб келди. Ўзбекистон мазкур Индексда 132 та давлат орасида 93-ўриндан 82-ўринга кўтарилди.
Давлат хизматларининг рақамлаштирилиши, давлат органлари фаолиятига электрон технологияларнинг кенг жорий қилиниши натижасида Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида республикамиз ўз кўрсаткичини 18 поғонага яхшилаб, 193 та давлат орасида 69-ўринни эгаллади ва бу борада “жуда юқори ривожланаётган” мамлакатлар қаторига кирди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Коррупцияни қабул қилиш индексидаги мамлакатимиз кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатди. Жумладан, ушбу Индексда 180 та давлат орасида Ўзбекистон кўрсаткичларини 2020 йилдаги 146-ўриндан 2024 йилда 121-ўринга олиб чиқишга эришилди. Умуман олганда, сўнгги 7 йилда Индексдаги мамлакатимиз ўрни 36 поғонага яхшиланди.
Мамлакатимизда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ҳуқуқ устуворлиги индексида Ўзбекистон сўнгги уч йилда ўз кўрсаткичларини 14 поғонага яхшилаб, 142 та мамлакат орасида 78-ўринни эгаллади.
Шу билан бирга, республикамизнинг халқаро майдондаги мавқеини янада ошириш, халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда ихчам ва натижага йўналтирилган тизимни жорий қилиш ҳамда парламент ваколатларини кенгайтириш мақсадида 2024 йил 19 июнда “Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президентнинг ПФ–91-сонли фармони қабул қилинди.
Фармон билан Олий Мажлис Сенати томонидан устувор халқаро рейтинг ва индексларнинг рўйхатини ҳамда самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларини тасдиқлаш белгиланди.
Мажлис давомида мамлакатимиз учун 15 та устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар ва уларга масъул вазирлик ва идоралар рўйхати ҳамда 2030 йилга қадар мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилганлиги қайд этилиб, Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маърузани тайёрлаш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Сенаторларнинг фикрича, халқаро рейтинг ва индекслар муайян соҳа, йўналиш ва тармоқларни турли йўллар билан аниқлаш воситаси ҳисобланиб, улар мамлакатларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва мавқеини белгилашда, олиб борилаётган ислоҳотларга холис баҳо беришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳанинг бошқариш механизмларини ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Сенат сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, соҳанинг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш вазифалари ижросига алоҳида эътибор қаратган.
Хусусан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида 11 446 та сув хўжалиги объектида “Ақлли сув”, 6 953 тасида “Дайвер” ҳамда 1709 та насос станциясида “онлайн” назорат қилиш қурилмалари ўрнатилган. Шунингдек, 67 та йирик сув хўжалиги объекти тўлиқ автоматлаштирилган.
Рақамли технологияларни қўллаш, 400 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш натижасида жорий йил биринчи ярим йиллигида 2 миллиард метр кубдан зиёд сув тежалган.
Республика бўйича кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 10 540 км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилган, шунингдек, 34 885 км канал, ариқ ва лотоклар тозаланган.
Соҳада “suvkredit.uz” платформаси жорий қилиниб, жами 134,3 минг гектар майдонда томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет усулда суғоришни жорий қилиш учун 2 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Айдар-Арнасой кўллар тизимига “Чордара” сув омборидан 871 миллион метр куб ҳамда бошқа манбалардан 300 миллион метр куб чучук сув ташланиши натижасида унинг экологик ҳолати барқарорлашмоқда.
“Сувчилар мактаби” ташкил этилиб, 70 мингга яқин тингловчи ўқитилиши таъминланган ҳамда “Сув лойиҳалари маркази” фаолияти йўлга қўйилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада келгусида ҳал қилиниши лозим бўлган қатор масалалар мавжудлиги қайд этилиб, масъулларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Жумладан, иқлим ўзгариши омилларини инобатга олиб, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини чуқур хатловдан ўтказиш, нисбатан арзон ва тез амалга ошириладиган инновацион технологияларни қўллаган ҳолда каналларни бетонлаштиришни тезлаштириш, қишлоқ хўжалигида сув кам талаб қилувчи, иқтисодий самарадор биоагротехнологияларни, сув тежовчи технологияларни жорий этиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Қишлоқ хўжалигида сув сарфини қисқартириш, ирригация тизимларидаги носозликларни бартараф этиш, умумий сув йўқотишларини камайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш, жамоатчиликка “сув текин эмас” ғоясини сингдириш ишларига эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Муҳокамадан сўнг ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенатнинг 55-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси ва Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорига асосан Ойбек Аъзамжонович Баракабаев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.
Олий Мажлис Сенатининг эллик бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 13 та масала, шу жумладан, 11 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик бешинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати