Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий ўқув марказида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси Султанмурат Давлетмуратов суд тизимида жорий этилаётган янги ўзгаришлар хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви тамойилини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилиши ҳамда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилиши белгиланди.
Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилиб, улар томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинмоқда. Шунингдек, тергов судьясига 11 турдаги санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.
Бу билан жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади.
Фармонга мувофиқ, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Учрашувда тингловчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.