У уйга қайтмоқда!

Бир диёр бор. Унинг сарҳадларидан Темза дарёси оқиб ўтади. Уильям Шекспир, Даниэль Дефо каби ёзувчилар камол топган замин ҳисобланади у жой.
Шунингдек, бу масканнинг спорт оламига қўшган ҳиссаси беқиёс. Футбол деб аталган спорт турини кашф қилиб, уни дунёга тақдим этди. Сўнг жаҳон чемпионати ташкил этилди. Йилдан-йилга мазкур спорт тури ва мусобақанинг довруғи ортса отмоқдаки, асло камайгани йўқ. Улар башариятга футболни жентельменлик қонун-қоидалари асосида ўйнаш, рақибга ҳурмат бажо келтириш, тушунарсиз олийжаноблик маданиятини олиб киришди. Бўйинбоғ тақмасада, футболчилари ҳам аллақандай тарбияли, илмли кишиларга ўхшаб кетади.
England-Team-1966-Fifa-World-Cup-wearandcheer.com_.jpg
Ҳа, улар сўнгги бор 1966 йилда жаҳон чемпиони бўлган. Бунга ҳам ярим асрдан ошибди. Энг катта ютуғи шу. Бошқа унвонларни ҳимоя қилиш қўлларидан келмади. Таркибида жаҳоннинг манаман деган юлдузлари тўп сурган бўлса ҳам ҳамиша ўртамиёналикдан нарига ўтолмаган.
bb9f18d6528c363122d38d4284e2efa3.jpg
Бу шунақа жамоа! Ҳар гал мундиал олдидан ғолиблик учун курашади дейилади. Лекин аввалги жаҳон чемпионатида Аргентинадан учралган мағлубият қасосини олиш улар учун муҳим бўлса, бошқасида ўзи каби кучли Бразилия қаршисида довдираб, оқ байроқни кўтаради.
Мундиалларда иштирок этган футболчиларига бир назар ташлаб кўринг! Чарльтон, Линекер… ва ҳоказо. Футболни санъат деб биладиган Бекхэм, болаликдан камол топган клубига садоқат тимсоллари Лемпард ва Жеррард, жуда ёш пайти “Олтин тўп” олган “тилла бола” Майкл Оуэн, афсонавий ҳужумчи деб қаралса-да, жаҳон биринчилигида атиги битта тўп киритган Уэйн Руни… Уларда доимий кучли таркиб бўлса-да, негадир ўртамиёналик гирдобидан чиқиб кета олмаган.
RTXOQNS-1170x658.jpg
Буни сабаби нима? Жавоби битта: футболни уларнинг ватани ихтиро қилгани учун бошқаларга қараганда ўзларини бир бош баланд кўришади! Димоғдорликда гап кўп! Уларга ғолиблик руҳи етишмайди. Сўнгги мундиалларга ўзларини ана шу спорт турининг асосчиси, яратувчиси эканлигини жаҳонга кўз-кўз қилгандек, мағрурлик билан ташриф буюришади. Улар учун ғолибликдан кўра “Футбол Англияда ўйлаб топилган!” деган жумла муҳим.
Бу – Англия! Инглизлар юқоридаги фикрдан қачон воз кечсалар, ана ўшандагина жаҳон чемпионлигини яна бир бор қўлга киритишади. “Аввал қўлга киритилган-ку”, деманг. Эллик икки йил муқаддам ўтказилган мусобақа финалида ён ҳакам Тофиқ Баҳромовнинг хатоси бўлмаганда эҳтимол инглизлар учун шу биргина чемпионлик мартабаси ҳам бўлмасди.
JS156824042.jpg
Аммо бугунги Англия… Бошқа мавзу. Инглизлар ўлкасида ҳақиқий байрамона руҳ ҳукм суриб юрибди. Терма жамоа ўйнаётган паллада кўчаларда одам сийраклашган, автоуловлар ҳаракати камайган. Дўконларда, жамоат жойларида, инглизларнинг ҳар бир ҳаракатида мундиал ғолиблигининг шукуҳи кезмоқда. Ақлимни таниб, шу пайтга қадар кузатган мундиалларим орасида биронта терма жамоанинг жаҳон чемпионлиги учун бу қадар куйиб-пишиб меҳнат қилаётганини, аҳолисининг оддий кундалик турмуши ҳам ўша кубок бўлиб қолганини кўрмадим.
Бугун Англия узоқ йиллик танаффусдан сўнг мундиал баҳсларининг ярим финалида ўйнайди. Рақиб ҳам анойи эмас. Ўзи каби футболни ақл билан ўйнайдиган, либоси ҳам шунга монанд шахмат тахтаси услубида. Дарвоқе, хорватлар инглизлар учун ноқулай рақиб ҳисобланади. Юлдузли таркибга эга 2007 йилдаги Англияни улар учун муқаддас саналган “Уэмбли”да “Евро-2008”дан маҳрум қилган ҳам мана шу хорватлар бўлади. Инглизларнинг машъум оқшомдан қолган алоҳида ҳисоб-китоблари бор. Бежизга жамоа сардори Ҳарри Кейн ўйин аввалида “Англия – бу оила!” деб таъкидламади. Терма жамоа аъзоларининг бир жону бир тан бўлиб ҳаракат қилишлари бугунги ўйинда катта аҳамият касб этади.
c0d77807-3ee6-4f60-98b7-04a158db9c15.jpeg
Инглизлар бир қадам босишса бас… Финал уларни кутиб турибди. Финалда эса тарихан қарама-қаршиликда яшаган, ноқулайликда Хорватиядан ҳам мураккаброқ рақиб – Франция кутиб турибди.
Мақола аввалида сарлавҳага тўхталиб ўтишни лозим топдим. Интернетни титкилаб, “England of World cup-2018” деб ёзинг. Кўз олдингизда терма жамоанинг мундиалдаги ўйинлари билан бир қаторда “It is coming home” , яъни “У уйига қайтмоқда!” деб таърифларни кўтариб юрган англиялик мухлислар чиқиб келади. Чиндан ҳам олтин кубок 1966 йилдан сўнг футбол деб аталган мўжизакор спорт турини башариятга инъом этган заминга қайтадими? Ёки бу ташриф муддати кейинга қолдириладими? Буни вақт кўрсатади?
Кўрамиз… кузатамиз…
У уйига қайтадими?

 

Шерзод МАҲМУДОВ