Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда биомаҳсулотларнинг аҳамияти юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари Кегейли тумани “Жүзимбағ” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги пахта майдонларида биолабораторияларда етиштирилган биомаҳсулотларни далаларда қўллаш жараёнлари, “Халқабад биофабрика” биолабораторияси иш фаолияти билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори иқтисодий самарадорликка эришиш ва деҳқончилик маданиятини ошириш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида кечиктирмасдан амалга ошириш, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда илмий тарафдан ўрганилган тажрибаларга суянган ҳолда ишларни ташкил қилиш бугунги куннинг талабидир.
Ўсимликларнинг зараркунанда ва касалликларга қарши курашда биологик усулдан фойдаланиш эса сифатли маҳсулот етиштиришнинг асосий шартларидан бири саналади. Бу усулда табиатдаги энтомофаглардан самарали фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни чақирувчи ўсимликларни экиш), трихограмма, бракон ва олтинкўз сингари энтомофагларни биолабораторияларда кўпайтириб, далага чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратларни қўллаш чоралари амалга оширилади.
Биологик усулнинг афзаллиги шундаки, атроф-муҳитга зарар келтирадиган кимёвий воситалардан фойдаланмасдан биологик хилма-хилликни сақлаш, экотизимни яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш орқали инсонлар саломатлигини ҳимоя қиладиган органик сифатли маҳсулот етиштиришга эришиш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида ҳам ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий тамойиллар сифатида биологик усулни қўллаш устуворлиги таъкидланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 15 январдаги видеоселектор йиғилишида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Жумладан, биолабораторияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳар бир маҳаллада ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматини йўлга қўйиш, хўжаликларда биомаҳсулотлар етиштириш бўйича соҳа вакиллари вазифалари белгиланди.
Шунингдек, табиатда биофондни ривожлантириш ва зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши биологик кураш ишларини ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг 10 июнь санасидан 10 июль санасига қадар “Био ҳимоя бўйича долзарб ўттиз кунлик” эълон қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандаларига қарши курашда биологик усулни кенг қўллаш мақсадида бугунги кунда 66 биолаборатория фаолият юритиб келаётган бўлса, шундан 6 таси Кегейли туманида жойлашган. Ҳозирги вақтда ушбу хўжаликларда етиштирилган биомаҳсулотлар дала майдонларига лаборатория ходимлари томонидан профилактика ва зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида тарқатилмоқда.
Жорий йилнинг шу давригача республикадаги барча биолабораторияларда етиштирилган биомаҳсулотлар миқдорида олтинкўз энтофомаги 299 млн. дона, трихограмма энтофомаги 449 кг, бракон энтофомаги эса 138 млн. донани ташкил этади. Бундай тадбирлардан асосий мақсад биологик усулни кенг қўллаш ва табиатда биофондни ривожлантириш орқали фитосанитар тоза ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришдан иборат.
Тадбир иштирокчилари соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири