Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Гулдурсин зиёси” фермер хўжалигида ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экинлар экиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги бўлимлари масъул раҳбарлари, фермер хўжаликлари бошлиқлари иштирок қилди.
Семинар давомида ғалладан бўшаган 3 минг 240 гектар майдонга такрорий экиладиган қишлоқ хўжалиги экинлари фермер хўжаликлари ва секторлар бўйича жойлаштирилиб, шундан 407 гектар сабзавот, 100 гектар полиз, 150 гектар мойли экинлар, 1500 гектар дуккакли дон экинлари, 513 гектар озуқа ва 30 гектар тариқ ва бошқа такрорий экинлар экиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилган.
Ўрим якунланган майдонларда тез ва қисқа муддатларда экин экиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Бўшаган ер майдонлари асосан “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турадиган ва ишсиз аҳоли вакилларига берилиши қайд этилди.
Семинар давомида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган маҳсулотлар ярмаркаси ҳам ташкил қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири