30 июнь –Ёшлар куни муносабати билан O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Фахрийлар тажрибаси –ёшларга ўрнак” шиори остида “Уч авлод учрашуви”ни ўтказди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёш авлодни тарбиялашда “устоз-шогирд” анъанасига амал қилиш, устозларни улуғлаш, уларнинг орттирган тажрибаларидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар талаба-ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди. Бунёдкорлик ишларига томошабин эмас, камарбаста бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик билан яшаш эса ёшларнинг бурчидир.
Учрашувни ўтказишдан мақсад ёшларнинг она ватанга, адабиётга бўлган меҳрини янада ошириш, устозларимиз босиб ўтган ҳаёт йўлларини кейинги авлодга намуна қилиб кўрсатишдир.
– Кўтаринки кайфият, нуронийлар билан бўлган мулоқот ёшларга кўп нарса беради. Ўзим ҳам қалам тебратиб тураман, – дейди ёш ижодкордан бири Аллаяр Дарменов. – Бундай учрашувлар ёшлар янада изланиши учун куч-қувват беради.
Ёшлар билан мулоқот давомида устозлар ва ёш ижодкорлар ўзларининг қаламига мансуб шеърларидан ўқиди. Фахрий устозларга партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири