Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида талабалар ва “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари ўртасида мини футбол тури бўйича “Директор кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Филиалда таҳсил олаётган  талаба-ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада кучайтириш, спорт соҳасида ташаббусларини  қўллаб-қувватлаш,   улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда спорт билан шуғулланиши учун мос шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақада жами 12 та жамоа қатнашди. Деярли 100 нафарга яқин талаба ва ёш қамраб олинган мусобақа таассуротларга бой бўлди. Жамоалар ҳамжиҳатликда ғалабани қўлга киритиш  учун интилишди.

“Директор кубоги” мусобақасининг якуний натижасига кўра,  фахрли  биринчи  ўринга “Турон” жамоаси лойиқ деб топилди ва жамоа директор кубоги соҳибига айланди.  Иккинчи ўринни “Тербенбес” жамоаси эгаллаган бўлса, “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида спортни кенг тарғиб қилиш, уларни турли мусобақаларга жалб қилиш орқали   бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва  саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида гапирди.

Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири