29 ва 30 июнь кунлари Бўстонлиқ туманида ўз иродасини синаб кўриш, “Амирсой”нинг жозибадор табиати ва манзараларидан баҳра олиш ҳамда дам олиш кунларини тоғда фаол ўтказишни ўз ичига олган “Sky Camp Bo‘stonliq – 2024” тоғ спорт фестивали бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Спорт вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ва бир қатор бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган фестивалда иштирокчилар велопойга, трейл югуриш, скайраннинг, йога ва медитация каби йўналишларда ўз имкониятларини синовдан ўтказади.
Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда биринчи марта трейл югуриш трассаси ва югурувчиларга шахсий ҳисоб учун очколар олиш имконини берувчи гувоҳнома берилади.
2024 йилда “Samarkand Marathon” халқаро хайрия пойгалари туркумига беш йил тўлиши муносабати билан ўтказиладиган “Sky Camp Bo‘stonliq – 2024” тоғ фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қуйидаги мусобақалар ва тадбирлар кутмоқда:
• Sky Camp BIKE – тоғ йўл велопойгаси. Масофаси 13,5 км, баландликка кўтарилиш – 691 м;
• Sky Camp TRAIL – 10 ва 20 км.лик, баландликка кўтарилиш – 619 м ва 1238 м бўлган норавон жойларда югуриш.
• Sky CAMP PEAK – Амирсойнинг пастки бекатидан юқори бекатига қадар 4,2 км.лик баландликка кўтарилиши 724 м бўлган тоғ чўққисига чиқиш пойгаси;
• Sky Camp ZEN – югуриш, йога ва медитацияни бирлаштиради;
• 2 кун чиқиндилардан тозалаб югуриш “plogging” пойгаси;
• “Tesla Boy” гуруҳининг концерти.
“Sky Camp TRAIL” Халқаро трейл югуриш уюшмаси (ITRA)нинг гувоҳномасига эга. “Sky Camp Bo‘stonliq – 2024” иштирок этиш учун ушбу ҳавола орқали (https://events.samarkandmarathon.uz) рўйхатдан ўтиш мумкин.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА