Миллий қадриятимизнинг ажралмас қисми бўлган кураш бўйича Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтказилган навбатдаги қитъа чемпионати тарихга айланди.
Теҳрондаги муҳташам “Азади” спорт мажмуасида ташкил этилган чемпионат ҳақиқий кураш байрамига ўз жозибаси, тайёргарлиги билан алоҳида ажралиб турди.
13-Осиё чемпионатида ғолиблик учун кураш олиб борган амалдаги қитъа ва жаҳон чемпионлари, Осиё ўйинлари совриндорлари, умидли ёшлар иштирокидаги ҳар бир беллашув томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Чемпионат беллашувларини Халқаро кураш ассоциациясининг 25 нафар тажрибали ҳаками бошқариб борди.
Шиддатли баҳслар сарҳисобига кўра, эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақаларда 8 та олтин, 5 кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиққан кураш ватани – Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган бўлса, 3 та олтин, 8 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритган Эрон терма жамоаси 2-ўрин, 2 та олтин, 3 та бронза медалига мушарраф бўлган Хитой Тайпейи терма жамоаси 3-ўрин соҳиби бўлди.
Аёллар ўртасидаги 8 та вазн тоифасида ўтган қитъа чемпионати беллашувларида ўзбекистонлик курашчи қизлар 3 та олтин ва 4 та кумуш медаль билан 1-ўринни банд этди. 2 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритган эронлик курашчи қизлар умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2 та олтин, 3 бронза медали билан Хитой Тайпейи терма жамоаси 3-ўрин билан кифояланди.
Эркаклар ўртасидаги медаллар тақсимотида 5 та олтин, 1 кумуш 1 бронза медали билан Ўзбекистон 1-ўринни, 1 та олтин, 5 та кумуш ва 1 бронза медали билан эронлик курашчилар 2-ўринни, 1 тадан олтин ва кумуш, 3 та бронза медали билан тожикистонлик курашчилар 3-ўринни банд этди.
Шунингдек, чемпионат давомида совринли ўринларни эгаллаган Ироқ, Туркманистон, Афғонистон, Корея Республикаси, Ҳиндистон ва IKA қочоқлар жамоаси курашчилари ўз юртларига Осиё чемпионати совриндори сифатида қайтиш бахтига эга бўлди.
Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш билан бирга, курашнинг халқаро ривожига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон спорт делегацияси 12 июнь куни Тошкентга қайтиб келади.
Т.Рўзиев,
ЎзА