Қатарда футбол бўйича 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилаётган Осиё кубогининг гуруҳ босқичида биринчи тур баҳслари якунланди. “Париж-2024” Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мазкур мусобақанинг илк турида кутилмаган натижалар қайд этилди.
Дастлаб, “А” гуруҳида Австралия ёшлари Иордания термаси билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Гуруҳдаги иккинчи ўйинда Қатар ўз мухлислари кўз ўнгида Индонезияни қийинчиликсиз 2:0 ҳисобида енгди.
Бу натижадан сўнг, мазкур гуруҳда мусобақа мезбони 3 очко билан карвонбошига айланди. Австралия ва Иордания 1 очко билан кейинги поғоналардан ўрин олган бўлса, Индонезия мағлубият эвазига 4-ўрин соҳиби бўлди.
“Б” гуруҳида Япония гарчи Хитойни 1:0 ҳисобида енгган бўлсада, юқори савияда ўйин намойиш эта олмади. Хитой ҳам бир неча бор ҳисобни тенглаштириш имконига эга бўлди, лекин натижа ўзгармади. Жанубий Корея – БАА ўйини ҳам тенг курашлар остида ўтди. Очиғи, кўпчилик Жанубий Кореянинг ушбу ўйинда осонгина ғалаба қозонишини кутган эди. Кореялик футболчилар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Лекин бу ғалаба уларга осон бўлмади.
Нима бўлганда ҳам “B” гуруҳида Япония ва Жанубий Корея ўзлари учун муҳим 3 очкони қўлга киритди ва гуруҳда биринчи ҳамда иккинчи поғонани эгаллади. БАА учинчи, Хитой тўртинчи ўрин билан кифояланди.
“С” гуруҳида сўнгги йилларда футболни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётган Таиланд олимпия терма жамоаси илк ўйинда Ироқ билан куч синашди ва 2:0 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, Саудия Арабистони илк турда Тожикистон устидан 4:2 ҳисобида устун келди.
Мазкур натижадан сўнг Саудия Арабистони гуруҳда пешқадам бўлди. Таиланд эса фақатгина голлар ҳисобига кўра иккинчи, Тожикистон ва Ироқ 3-4 ўриндан жой олди.
Осиё кубогининг “Д” гуруҳида ҳам биринчи тур учрашувлари қизғин кечди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «Khalifa International» стадионида Малайзия термаси билан ўйин ўтказди. Вакилларимиз ушбу баҳсда 2:0 ҳисобида рақибдан устун келди. Дастлабки голни пенальтидан Жасур Жалолиддинов киритган бўлса, иккинчи голга Улуғбек Ҳошимов муаллифлик қилди.
Мазкур ўйинда қизиқ ҳолат юз берди. Жамоамизнинг мусобақадаги илк голи пенальтидан киритилди. Қизиғи шундаки, Ўзбекистонда ўтган турнирда ҳам дастлабки голимиз пенальтидан урилган эди. Ўшанда Туркманистон термаси билан ўтган учрашувда Улуғбек Ҳошимов 11 метрлик нуқтадан дарвозани аниқ нишонга олган эди.
Яхши анъана. Умид қиламизки, бу йил ҳам бундан икки йил аввалги натижаларни қайд этамиз ва “Париж-2024”га йўл оламиз. Фақат ушбу мақсадга эришиш учун жамоамиз ўйинини янада яхшилаши керак. Очиғи, биринчи ўйинда футболчиларимиз бироз қийналди. Шу ўринда ўйин статистикасига бир назар ташласак.
Статистикага кўра, Темур Кападзе шогирдлари ўйинда жами 13 марта рақиб дарвозаси томон зарба берди, уларнинг 4 таси аниқ. Уларнинг 2 тасини голга айланди. Учрашув давомида 518 марта ўзаро тўп узатган бўлсак, малайзиялик ёш футболчилар 369 маротаба бир-бирларига тўп оширишди. Тўп назорати ҳам бизнинг фойдамизга — 69/31. Ҳа, статистика ва ҳисобда устунлик биз томонда. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Малайзия қитъамизнинг ўртамиёна жамоаси ҳисобланади. Ўзбекистон олимпия термаси эса ҳар томондан Осиёнинг кучли 4 жамоасидан биридир. Шу сабабли ҳам бу каби ўйинларда йўл қўйилган хатоларни жиддий рақибларга дуч келгунга қадар бартараф этиш лозим.
Гуруҳимиздаги иккинчи ўйинда Вьетнам 3:1 ҳисобида Қувайтни енгди. Очиғи, мазкур баҳс турнинг энг қизиқарли ўйинларидан бири бўлди. Жамоаларнинг биринчи бўлимдаги тенг кураши ҳам қизил карточкаларда, ҳам ҳисобда билинди. Бироқ иккинчи бўлимнинг 48- ва 76-дақиқасида Ви Хао Буйнинг голлари Вьетнамнинг ишончли ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, Вьетнам ҳамда Ўзбекистон олимпиячилари 3 очко жамғарган ҳолда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Қувайт ва Малайзия термалари 0 очко билан қуйи поғоналарда қолди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА