Давлатимиз раҳбари ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Боғ майдони 16,7 гектар бўлиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган, гулзор ва майсазорлар ташкил этилган.
Боғ марказида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ҳайкали ўрнатилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ижодкорлар боғини бориб кўрди. Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гул қўйди.
Бундан ташқари боғда Эркин Воҳидов номидаги ижтимоий фанлар йўналишидаги истеъдодли ёшлар мактаб-интернати, Эркин Воҳидов мемориал музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биноси, Нуронийлар маскани, турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 1500 ўринли амфитеатр, ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари қурилди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, Марғилонда янги маънавият ўчоғи барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари мемориал музейдаги экспонатларни кўздан кечирди. Бу маскан ҳақиқий маънавият ўчоғи бўлиши кераклигини, бу ерга ўқувчи ва ёш ижодкорларни кўпроқ олиб келиш зарурлигини таъкидлади. Вилоятда бир йилда икки марта Эркин Воҳидов ўқув кунларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимиз Нуронийлар масканида меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди.