Япониянинг “Фукусима-1” атом электр станцияси оператори мамлакат шимоли-шарқида фавқулодда, пайшанбадан жумага ўтар кечаси содир бўлган 5,8 магнитудали зилзиладан сўнг музлатилган жараённи тиклади. Мажмуадан яна тозаланган сув чиқа бошлади. Бу ҳақда “Tokyo Electric Power” компанияси маълум қилди.
Оммавий ахборот воситалари хабар беришича, тектоник таъсир туфайли тизимга эҳтимолий зарарни аниқлаш мақсадида сув оқими тўхтатилган. Таъкидланишича, ҳеч қандай носозлик ёки бузилиш кузатилмаган.
Мамлакат миллий метеорология бошқармаси маълумотига кўра, бу галги силкиниш маркази ҳам Тинч океанида, Фукусима музофоти яқинида қайд этилди. 2011 йил тахминан шу жойда 9 балли зилзила содир бўлган. Силкинишдан олдин бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда огоҳлантириш тизими ишга туширилган. Яқинлашиб келаётган зилзила ҳақида маҳаллий аҳолининг мобил қурилмаларига хабар юборилган. Тектоник зарбадан сўнг сейсмологлар мамлакат шимоли-шарқий соҳили учун цунами хавфи борлигини эълон қилди, бироқ бир неча дақиқадан сўнг огоҳлантириш бекор қилинди.
Ер силкиниши Япониянинг шимоли-шарқий ва марказий қисмидаги етти префектурада, жумладан Фукусима, Мияги ва Токиода сезилган. Қурбонлар ва вайронагарчилик ҳақида маълумот йўқ.
Aйни пайт атом электр станцияси ҳудудида 1,34 миллион тоннадан кўп сув тўпланган. Шу муносабат билан Япония ҳукумати тозаланган сувни аста-секин океанга чиқаришга қарор қилди. Бу амалиёт 30-40 йил давом этади.
Март ойида мутахассислар қарори билан сув оқизиш жараёнининг тўртинчи босқичи бошланди. Энди яна аввалгидек, кунига 500 тоннадан оширмасдан, 7 -8 минг тоннага яқин сувни чиқариб юбориш режалаштирилган.